Шу дақиқаларда (маҳаллий вақт билан соат 17) Вашингтоннинг қоқ марказида, Оқ Уйдан тахминан 300 мерча наридаги шинам скверда Турк фестивали бўлмоқда.
Йиллардан бери шу мамлакатдаги турк жамиятлари тарафидан октябрь ойининг илк якшанбасида ўтказиладиган фестивалда яқин атрофдаги турк ресторанлари ва турк дўконлари ўз чодирларини тикадилар. Узун навбатлар кўрсатиб турибдики, туркча овқатларни тотиб кўриш, турк молларидан ҳарид қилиш ниятидагилар оз эмас. Сувенирлар сотиладиган чодирнинг бир бурчагида бу йил биринчи марта ўзбеклар ҳам савдо қилишмоқда. Бу ерда ўзбек чопонлари, рўмоллар, ўзбекча пичоқлар, турли ҳадяликлар сотиб олиш мумкин.
Табиий, фестивалнинг маркази скверга ёпишган йўлга қурилган театр саҳнаси эди. Соатлаб давом этган турк ҳавоскорларнинг концертига қизиқиш катта бўлди. АҚШлик "Ипак йўли рақс гуруҳи" ижросидаги ўзбекча рақслар олқишлар билан кутиб олинди.