28 September 2010
04:27 - Сирдарёлик ўқувчилар Ислом Каримннг ташрифига тайёргарлик кўрмоқда
Пахта йиғим-терими, иқтисодий ислоҳотларнинг боришини кузатиш учун вилоятга ташриф буюрадиган Президент Ислом Каримнинг келишига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда, деб хабар қилди сирдарёлик мухбирларимиз. Президентнинг вилоят фаоллари билан учрашадиган Боёвут туманидаги дала шийпонларидан бири атрофидаги пайкалга замонавий усулда пахта “экилмоқда”. Йўл четларига рангли тошлар ётқизилиб, шийпонлар сўнгги андозалар билан таъмирланмоқда.

Бугун бу юмушни бошлаган Сирдарёдаги бир неча мактаб ўқувчилари, ўқитувчилар даладаги ғўза шохларига лўппи-лўппи пахта бўлакларини елим ёпиштиргич (скоуч) ёрдамида бириктириш ишларини авжига миндирди. Вилоят фаоллари, фермерлар, қишлоқ хўжалиги ходимлари билан учрашуви даврида телетасвирга олинадиган мазкур пайкал томошабинлар учун қийғос очилган мўл ҳосил фони сифатида таассурот қолдириши лозим.

Юртбоши ташрифи билан амалга ошириладиган бундай масхарабозлик янгилик эмас. Масалан, шу йилнинг 27 майидаги хабарларимизда Фарғона вилоятига сафар қилган Ислом Карим ташрифи муносбати билан вилоятнинг Миндонобод масканида беш йиллик гилос дарахти кўчириб келингани, дарахт меҳмон кетиши билан қулагани ҳақидаги ҳангомани ёзгандик.