27 September 2010
23:29 - АҚШда Обаманинг қабулига киролмаган Ислом Карим Тошкентга яширинча қайтиб, Илҳом Алиевга шаҳар кўрсатмоқда
АҚШ президенти Барак Обаманинг қабулига кириш илинжида Нью-Йоркка сафар қилган Ислом Карим муродига етишолмай, яширинча Тошкентга қайтиб келибди. Унинг қачон келгани на бирон ахборот агентлиги на президентнинг матбуот хизмати томонидан эълон қилинмади.

Бугун эрталаб расмий ташриф билан Ўзбекистонга келган Озорбайжон президенти Илҳом Алиевнинг Тошкентни айланишини ёритган хабарлардангина Ислом Карим ҳам юртга қайтгани маълум бўлади.

Хабарларда таъкидланиишича, Ўзбекистонлик ҳамкасби билан шаҳар айланган озорбоши пойтахтдаги бунёдкорликдан боши айланибди, президент Ислом Каримнинг оқиллигига таҳсинлар айтган. Маҳаллий ТВда намойиш этилган лавҳаларда эса Илҳом-Ислом жуфтлиги Мустақиллик майдони, Хасти Имом мажмуаси, Ўзбекистон форумлар саройи қошида пайдо бўлган.

Расмий хабарларда ҳам, норасмийларида ҳам давлат ташрифи билан келган меҳмон ва маҳаллий ҳукумат ўртасида жиддий музокаралар бўлгани, қандайдир шартномалар тузилгани ҳақида гапирилмади. Собиқ КГБ генералининг меросхўри эртага ҳам мамлакатимиздаги сафарини давом эттиради, эҳтимол кейинги соатларда давлатлараро муносабатларга доир жиддийроқ хабарлар пайдо бўлар.