24 September 2010
18:39 - Ислом Карим айтган “учинчи куч” АҚШ эмасми?
Нью-Йоркда давом этаётган БМТнинг Бош Ассамблеяси ҳар доим бўлгани каби жаҳон диктаторлари учун алжираб олишга имконият берадиган навбатдаги минбар бўлди. Венесуэла диктатори Чавес, Эроннинг мулла-диктатори Аҳмединажод бир неча йилдан бери бундай машқ билан шуғулланиб келиши ҳаммага маълум. Бу йил улар қаторига ўзимизнинг диктатор Ислом Карим ҳам қўшилди.

У Бош Ассамблея минбаридан туриб, энг муҳими, ҳеч қандай факт ва аргумент келтирмасдан, Қирғизистон жанубидаги қонли ўзбек-қирғиз тўқнашувларида “учинчи кучларнинг” қўли борлигини гапирди. Ҳар қандай сафсатасини олқишлаб кетаверадиган Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларидан маст бўлиб юрадиган Ислом Карим ўзининг дунёнинг бош минбаридан айтган гапларини жаҳон ахборот воситалари ҳам шундай олқишлашади, деб кутган бўлса ажаб эмас.

Кеча эса ўша минбарга чиққан Эронли сафсатачи Аҳмединажод 2001 йил 11 сентябрда АҚШга қарши уюштирилган террористик ҳужумларни АҚШнинг ўзи уюштирган деган иддаони ўртага ташлади.

Диктаторларнинг табиати ва фикрлаш йўналиши бир хил бўлишидан келиб чиқсак, шундай савол туғилади. Ислом Карим ҳам “учинчи куч” деганда АҚШни назарда тутмаганмикан? Бўлиши мумкин. Ҳамма диктаторлар замонавий демократиянинг бастионига тош отишни яхши кўришади. Нега энди Ислом Карим бундай тош отиш имконияти пайдо бўлганидан фойдаланмаслиги керак?