18 September 2010
06:46 - Холиқназар Ғани: Курашимиз бесамар эмас, иншаоллоҳ, лекин…
Шу йил сентябрь ойининг бошида Самарқанд вилоят ҳокими Ў.Барноев туманларда фаоллар билан учрашувларда вилоятда пахта йиғим-терими кампаниясининг расман бошланишини эълон қилар экан, бу йилги кампаниянинг олдингиларидан фарқли томонларини очиқлаган. Унинг авалги йиллардан фарқли жиҳатлардан бири сифатида бу йил ўрта умум таълим мактаблари ўқувчилари (ўқитувчилари эмас) пахта йиғим-теримига жалб қилинмаслигини айта туриб, “ғанимларимиз биз ўқувчиларни пахта термига жалб қилсак пахтамизни жаҳон бозорида бойкот қилдирар эмиш” деган.

Ҳокимнинг мактаб ўқувчиларини пахта йиғим-теримига жалб қилинмаслик ҳақидаги гапига тўла ишониш жуда соддалик бўлар эди, чунки, бундай айтишу қайтишлар сўнгги йилларда бир неча марта такрорланди. Лекин, нима бўлганда ҳам, Вазирлар Маҳкамасининг мактаб ўқувчиларини пахта йиғим-теримига жалб қилмаслик ҳақидаги 2008 йил 12 сентябрдаги 207-сон қарори ва Ў.Барноевнинг юқорида келтирилган гаплари ҳуқуқ ҳимоячиларимизнинг бу жабҳадаги кўп йиллик курашлари бесамар эмаслигидан далолатдир, дейиш мумкин.

“Ҳаракат” таҳририятидан: Хабар муаллифи Холиқназар Ғани “Бирлик” Партияси Самарқанд вилоят ташкилотининг раиси, “Эзгулик” жамиятининг фаолидир.