08 September 2010
23:32 - Насроний руҳоний 11 сентябрь куни Қуръонни ёқиш ниятидан воз кечмоқчи эмас
Аввалги хабарларимизда билдирилгандек, АҚШнинг Флорида штатидаги кичик бир черковнинг пастори Терри Жонс 11 сентябрда “Қуръонни ёқиш куни” ўтказмоқчи. Оқ Уй, Ватикан ва бир қатор руҳонийларнинг талабига қарамасдан у ўз ниятидан воз кечмоқчи эмас. СВS телеканалининг саволларига жавоб берган руҳоний шу кунгача 100 дан ортиқ ўлим таҳдидли огоҳлантиришлар олганини, ўзини муҳофаза қилиш учун 40 калибрли тўппонча олиб юрганини, аммо “Қуръонни ёқиш куни” ўтказиш ниятида қатъий турганлигини гапирган. “Қачонгача орқага чекинамиз? Орқага чекиниш ўрнига қаддимизни ростлашимиз зарур. Тоқатимизнинг ҳам чеки бор дея радикал исломчиларга сигнал бериш вақти келмадими?”, дебди у.

2001 йил 11 сентябрдаги террористик ҳужумларнинг 9 йиллиги нишонладиган кун Терри Жонснинг 50 нафар тарафдори мусулмонларнинг муқаддас китобини ёқиш билан ўша террористик ҳужумларнинг маъсулиятини ҳамма мусулмонларга юклашмоқчи. Бундан ташқари, насроний руҳонийнинг кейинги режаси “Қуръонни ёқиш халқаро куни” ўтказиш экан.

Афғонистон президенти ва НАТО-АҚШ қўшинларининг бу мамлакатдаги қўмондони Давид Петрэуснинг бугунги учрашувида ҳам бу мавзу тилга олинди, дейилади Associated Press агентлигининг хабарида. Уларнинг фикрича, Флоридада Қуръоннинг ёқилиши Афғонистонда террорга қарши олиб борилаётган урушга ҳам зарар беради, америкалик аскарларни яна ҳам оғир аҳволда қолдиради.

Президент Обаманинг маслаҳатчиларидан Давид Акскелорда бу хусусда шундай дейди: “Пасторнинг бундай қилишга ҳаққи бор, аммо у ноҳақ. Қилаётган иши бизнинг қадриятларимизга тўғри келмайди.”

Афғонистонлик мусулмон руҳоний, 18 сентябрга режалаштирлган парламент сайловида кандидат стифатида иштирок этаётган Муҳаммад Мухторнинг фикри шундай: “Агар Қуръон намойишкорона ёқилса, бунга биринчи ва асосий жавоб шундай бўладики, ҳар қандай америкалик кўринган жойида ўлдирилади. Улар дунёнинг қаерида бўлмасин, фарқи йўқ, ўлдириладилар”.

Табиий, Терри Жонс қанчалик радикал ва ноҳақ бўлса, Муҳаммад Мухтор ҳам шунчалик радикал ва ноҳақдир.