14 August 2010
04:13 - Урганчдаги ҳарбий қисмнинг ҳарбий хизматчиси 22 йилга озодликдан маҳрум қилинди
Шу йилнинг 20, 25 июль кунги хабарларимизда Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги 58043-сонли ҳарбий қисмда шартнома асосида хизмат қилаётган фарғоналик Ҳусниддин Тоҳировнинг қотиллик ва босқинчиликда айбланаётганини билдиргандик. Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси томонидан олиб борилган жиноят иши мазмунига кўра, хизматчи шу йилнинг 17 апрелида ижара хонадонлардан бирида ўлдирилиб, кўрпага ўраб ёқиб юборилган шахснинг ўлимида айбланиб ҳибсга олинган.

Аввалги хабарларимизда терговлар даврида айблов гумондорнинг бўйнига ўта шафқатсиз усуллар билан қўйилгани, унинг ваҳшиёна қийноқларга солингани, у терговлар даврида ота-оналарига кўрсатилмагани, тергов ишлари тугаш арафасида ҳақиқий қотиллар қўлга олинганини билдиргандик. Бироқ республика Олий ҳарбий суди Ҳусниддинни босқинчилик ва қотилликда айблаб, 22 йилга озодликдан маҳрум қилди. 22 яшар йигит энди умрининг 22 йилини панжара ортида ўтказади.

Ҳақиқий қотиллар қўлга олингани ҳақидаги хабар нотўғри эдими ёки терговчилар қилган ваҳшийликларни бекитиш учун Ҳусниддинни 22 йилга қамоққа тиқишга эришдиларми - ҳали маълум эмас. Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот (?!) органларининг ходимларидан ҳамма нарсани кутиш мумкин.