12 August 2010
05:34 - АҚШ-Ўзбекистон Қўшма Корхонаси “UZ AIG” оти ва мақомини ўзгартиришининг сабаби нима?
Ёпиқ Акционерлик Жамияти мақомига эга бўлган АҚШ-Ўзбекистон Қўшма Корхонаси – Суғурта Ширкати “UZ AIG” Очиқ Акциядорлик Жамияти мақомига эга бўлган “Chartis Uzbekistan” номи билан шу йил 30 июнда Ўзбекистон Адлия вазирлигида қайтадан рўйхатга олингани ва унга 63-чи сонли гувоҳнома берилгани кечагина Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

Мамлактимиздаги биринчи халқаро суғуртачи бўлган “UZ AIG” ширкатининг Устав капитали $2 млн. У 1994 йил 23 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг 565-чи қарори асосида тузилган. Устав капиталининг 51 фоизи АҚШнинг AIG (American International Group, Inc.) ширкатига, қолган 49 фоизи Ўзбекистоннинг Ташқи Иқтисодий Алоқалар Миллий Банкига тегишлидир. Ширкатнинг номи ва мақоми ўзгарса ҳам, унинг Устав Капитали эскича қолган, эски ширкатнинг акциялари йўқ қилинади.

Ҳамма гап шундаки, жаҳоннинг 130 дан ортиқ мамлакатда фаолият олиб борадиган, акциялари, Нью-Йорк биржасидан ташқари, Ирландия ва Токио биржаларида ҳам сотиладиган, суғорта ва молиявий хизмат кўрсатиш бўйича дунёнинг энг кучли корпорацияси бўлмиш AIG ширкатида 2008 йилнинг ёзида бошланган молиявий кризис туфайли аввал АҚШ, сўнгра бутун дунё молиявий кризисга дучор бўлганди.

Ўшанда АҚШ ҳукумати AIG ширкатига давлат бюджетидан бир неча юз миллард долларлик ёрдам бериб, ширкатининг назоратини ўз қўлига олган эди. Бу ҳақда “Ҳаракат” агентлиги ҳам бир неча марта хабар тарқатган. Уларни қидирув системаси орқали сайтимиздан топиб, ўқиш мумкин.

Ўша машҳур ширкатнинг фарзанди сифатида Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган “UZ AIG” ширкатининг номи ва мақомининг ўзгартирилиши АҚШдаги кризис ва AIG ширкати феълан АҚШ ҳукумати назорати остига ўтгани билан боғлиқ эмасми? Расмий хабарда бу саволга жавоб берилмаган, аммо, жавоб “ҳа” бўлса керак.

АҚШ ҳукуматининг назорати остидаги ширкатнинг иштирокида қайтадан тузилган “Chartis Uzbekistan” ширкати АҚШнинг мамлакатимизга таъсирини кучайтиришни олқишлаш керак. Айни замонда, унчалик катта бўлмаган бу ўзгариш ҳам кўрсатмоқдаки, Ўзбекистондек ёпиқ давлат ҳам бугун жаҳондаги глобал жараёнлардан четда туролмайди. Яъни, гўёки президент Ислом Каримнинг кўрсатмалари бўйича эҳтиётлик билан иш олиб бораётган Ўзбекистон дунёдаги молиявий-иқтисодий кризисни четлаб ўтишга муваффақ бўлгани ҳақидаги лофлар - лофдан бошқа нарса эмас. “UZ AIG” ширкати оти ва мақомини ўзгартириши бунинг далилларидан биридир.