09 August 2010
00:53 - Рўза тутиш ойи келмоқда, 16 соат оғиз очмасликдан келиб чиқадиган хатарлар бор, Ислом ислоҳотларга муҳтож
Бир неча кундан кейин Ислом дунёсида Рамазон ойи бошланади, мусулмонлар бир ой давомида рўза тутадилар. Рўза тутиш – Рамазон ойи давомида дунёвий ишлардан ўзини тийиб, бутун кун, яъни қуёш чиқишидан ботишигача, емай-ичмай юриш демакдир.

Мусулмонларнингг мутлоқо кўпчилиги Рамазон ойи давомида дунёвий ишлардан ўзини тийиш одатини аллақачон унутиб бўлган, аммо, кун бўйи емай-ичмай юриш одати ҳали давом этмоқда. Шу кунларда бир қатор мусулмон ўлкаларининг, хусусан, Туркиянинг матбуотида докторлар бу йил Рамазон кун узун бўлган август ойига тўғри келгани муносабати билан одамларни огоҳлантиришмоқда. Айниқса юрак касалликлари борларни рўза тутмасликка чақиришмоқда.

Айни замонда, Ислом уламолари суст. Уларни тушуниш мумкин. Улар кун узун бўлган даврда рўза тутиш баъзи одамлар, айниқса қариялар ва бир қатор касаллар учун хатарли эканини билишади. Аммо, уларни огоҳлантиришмайди, чунки, бу дунё вақтинча бўлгани учун, тезроқ нарига дунёга кетишдан огоҳлантиришни Ислом нуқтаи назаридан мантиқсиз, балки, динимизга қарши иш деб ҳисоблашади.

Тошкент кенглигидаги жойларда бу йил 16 соатча оғиз очилмайди. Аммо, Шимолий қутбга яқинлашган сари бу рақам ортиб боради. Қутбга яқин жойларда сал кам 24 соат оғиз очмаслик лозим, Шимолий қутбнинг ўзида бир ой давомида умуман оғиз очиб бўлмайди. Яъни одамлар ўлимга маҳкум бўлади. Жанубий қутб тарафда эса ҳамма нарса тескари. У ерларда оғиз очмаслик вақти жуда қисқа, қутбнинг ўзида рўза тутиб бўлмайди, чунки, у ерда доимо қўёш кўринмайди.

Бунинг устига, аввал айтганимиздек, мусулмонларнинг мутлақо кўпчилиги Рамазон ойида дунёвий ишлардан ўзини тийиш одатидан юз ўгирган. Агар шундай қилиш талаб қилинса, мусулмонларнинг кўпчилиги ўз динидан ҳам воз кечишини кутиш мумкин. Айнан шу сабабли замонамизнинг оммавий иккиюзламачиликка юз ўгирган Ислом уламолари динимизнинг бу талабини эслатиб туришдан ўзларини тийиб турадилар.

Шу қисқа анализ ҳам кўрсатмоқдаки, Қуръоннинг рўза тутишга оид талаблари Ислом уламолари тарафидан ўз вақтида тўғри тафсир этилмаган. Замонавий уламолар эса, эскиларга қарши исён қилиш ўрнига, иккиюзламачликни афзал кўрмоқдалар.

Бундай иккиюзламачлик ичида қолган Ислом дунёси ҳозирги қолоқликдан чиқолмайди. Исломда ислоҳотлар қилиниши, Исломнинг биргина фарзи борлиги, бу ҳам бўлса Имон эканлиги, 5 вақт намоз, рўза каби амалларнинг талаблари қайтадан шарҳланиши, уларни бажариш савоб, аммо бажармаслик, айнан, Қуръонга кўра, гуноҳ эмаслиги тан олиниши лозим.

Ана шундагина мусулмонлар ҳақиқий Қуръон аҳлига айланишади, ҳаммадан орқада юришга маҳкумликдан қутилишади. Ана шундай бўлишга эришиш учун кураш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир.