07 August 2010
17:40 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Оқ қанотли эчки”
Аҳрор Мелиев Деновнинг тилга тушган кадрларидан ҳисобланади. Бунга сабаб шуки, у Денов туман ҳокимлигида беш йил ишлади. Ўзингиз биласиз, ҳокимликда ишлаш академияда ўқигандай гап. Чунки, бу ерда ёш кадрлар “Капитал”дай машҳур китобни ёзган Карл Маркснинг эсидан чиқиб қолган илмларини ўзлаштирадилар.

Икки чўнтакни ана шундай антиқа илмларга тўлдирган Аҳрор Мелиев 2005 йилда Хайробод педколлежига директор бўлиб ўтди ва туман ҳокимлигида ўзлаштирилган илмларини йўлга қўйиб юборди.

Орадан уч йил ўтиб, ваколатли назоратчилар унинг молиявий ишларини ўрганишган эди 32 миллион сўм пулнинг дарёга оқиб кетганлиги маълум бўлди.

Унинг қисқа пайтда амалга оширган бундай ишларни кўриб, хатто прокуратуранинг терговчилари ҳам шошиб қолишди. Зудлик билан эхтиёт чораси ўзгартирилиб, Аҳрорбой қамоққа олинди.

Суд жуда қизғин ўтди. Чойхоналарда тарқалган маълумотларга қараганда, унинг қайсидир ҳовлиси шошилинч равишда сотилган. Шунинг учун Денов туман суди ҳамма ўйлагандай қарор чиқарди - суд раиси унга, боринг ука, ҳеч нарса бўлмагандай ишлайверинг, лекин энди бундан буёғига сал пухтароқ бўлинг деди.

Маълум бўлишича, жиноят ишлари бўйича Денов туман суди Аҳрор Мелиевнинг бошини силагани билан шунча гапдан кейин унинг директор бўлиб ишлаб туриши тобора барқарорлашиб бораётган ижтимоий адолат тамойилларига тўғри келмас экан. Шунинг учун тизим раҳбарлари ундан вақтинча четга чиқиб туришни илтимос қилишди. Сизнинг ишларингиз элнинг орасига тарқалиб кетган, шунинг учун халқнинг олдида просто уят бўлади дейишди.

Аммо уйда бекор ўтириш ёмон экан. Ҳар куни уйга пул олиб келмаганингдан сўнг болалар тугул ҳатто хотинингга хам гапинг ўтмас экан. Директорлик яхши эди: сендан бир оғиз гап эшитиш учун ҳар куни юзлаб одамлар изингдан қувиб юради, ҳар қандай топшириқ муҳокама қилинмасдан бажарилади, имзонинг-ку, баҳоси йўқ!

Шунинг учун у директорликни қайтариб олмасам бўлмайди деган қарорга келди ва худди шундай қилди.

Шунда баъзилар “Бекор қилибсиз, харажатга куйиб қоласиз”, деган эди “бир ой ишласам, қабулни ўтказиб олсам бўлди, кейин яна олиб ташлайверишсин!” деди. Чунки, Аҳрорбой коллежда “Биронта талаба текинга ўқишга қабул қилинмаслиги керак, биронта талаба текинга имтиҳон топширмаслиги керак!” деган қатъий тартибни жорий этган эди.

Буни кўрингки, белгиланган тартиб бўйича минг нафардан зиёд талабгорларнинг ҳужжатлари қабул қилинган кунлари уни яна директорликдан олиб ташлашди. Аммо бу мағлубият унга чивин чаққанчалик таъсир қилмади, хотиржамлик билан “Яна тикланаман!” деди.

Аҳрор Мелиевнинг катта жиноятлари-ю, раҳбарлик бобидаги зафарларини Денов тумани собиқ ҳокими Абдусамат Ҳожиқуловнинг номи билан боғлашади. Аммо ҳоким яқинда турли-туман ва хилма-хил қилмишлари учун қамоққа олинди. Буни кўрингки, Аҳрор Мелиевнинг навбатдаги ишдан бўшаши ҳам шу воқеадан сўнг содир бўлди . Одамлар буни “Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр!” деб баҳолашди. Аммо ўша одамларнинг айтишига қараганда шамол осмонга учириб кетган бу... эчки мўлжалланган ерга яна оҳиста тушар экан. Чунки, унинг оқ каптарникидай қаноти бор эмиш!

Ўткир Қилич