22 July 2010
20:43 - Ҳамид Карзай Остонада ўтказилиши мумкин бўлган ЕХҲТ саммитида иштирок этишга тайёр, аммо саммит бўладими?
20 июлда Қобулда Афғонистон бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди. Шу йил январь ойида Лондонда ўтказилган конференциянинг давоми ҳисобланган бу тадбир Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ва БМТ Бош котиби Пан Ги Мун раҳбарлик қилди. 70 мамлакатнинг ташқи ишлар вазири ёки бошқа даражадаги ваиллари иштирок этган конференцияда АҚШ ва Россия ташқи ишлар вазирлари Ҳиллари Клинтон ва Сергей Лавров ҳам бор эди.

Бу халқаро анжуман Лондондагиси каби шунчаки учрашув бўлди. Таарфлар фикр алмашди, Афғонистонга ёрдам бериш бўйича эски ваъдалар такрорланди. Аммо, кутилганидек, биронта янгилик бўлмади.

Конференцияда иштирок этган Қозоғистон Давлат Котиби - Ташқи ишлар вазири Канат Саудабаев ЕХҲТнинг жорийдаги раиси сифатида Афғонистонга ёрдам бериш масаласида катта ваъдалар берди. Ваъдалардан бири – Остонада ўтказилиши мумкин бўлган ЕХҲТнинг саммитида Афғонистон масаласига катта эътибор бериш бўлди.

Конференция фаолияти доирасида Афғонистон президенти Ҳамид Карзай билан учрашган Канат Саудабаев уни ўз мамлакатининг президени Нурсултон Назарбой номидан Остонадаги саммитга таклиф қилди. Табиий, таклиф мамнуният билан қабул қилинди.

Яқинда Олмотада бўлиб ўтган ЕХҲТга кирувчи мамлакатларнинг ташқи ишлар вазирларининг норасмий йиғилишида Нурсултон Назарбойнинг ЕХҲТ саммитини Остонада бу йил ўтказиш таклифи умумий шаклда маъқулланди.

Шундай бўлса ҳам бундай cаммит ўтказилиши ҳали ҳам савол остидадир, дейди мухбиримиз. Бунинг икки асосий сабаби бор.

Биринчиси, Европа, АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг Остонада хавфсизлигини таъминлаш имконияти борми?

Иккинчи савол саммитнинг кун тартиби билан боғлиқ. Маълумки, ЕХҲТ сўнгги йилларда демократия ва инсон ҳуқуқлари каби масалалардан юз ўгириб бўлди. Демак, саммитда асосан хавфсизлик масалалари кўрилиши керак. Агар шундай қилинса, ЕХҲТнинг маъноси қоладими? Бу саммит ЕХҲТнинг ўлимини эълон қилиш бўлиб қолмайдими?

Агар бу саволларга жавоб топилиб, Остонада Нурсултон Назарбойнинг орзуси бўлган ЕХҲТнинг саммитини ўтказилса, Қозоғистон президентининг обрўси шу қадар ортадики, аламига чидай олмаган Ўзбекистон режимбошиси ўз жонига қасд қилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.