21 July 2010
13:27 - Бу дунёга нима бўлди ўзи: 15 ёшли йигит оила қарори билан 17 ёшли опасини ўлдирди
Туркия матбуотида берилган хабарга кўра, мамлакатнинг асосан курдлар яшайдиган Диёрбақир вилоятида бир оиланинг қарори билан шу оила аъзоси, 15 ёшли Юнус Гюнеш 17 ёшли опаси Шеймани ип билан бўғиб ўлдириб, далага кўмиб кетибди.

Яхшилаб кўмилмаган жасадни кўриб қолган одамлар полицияга мурожаат қилишгач, полиция ходимлари керакли текшириш натижасида даҳшатли воқеанинг ҳамма тафсилотларини аниқладилар.

Маълум бўлишича, Шейма бир неча марта уйидан қочиб кетган ва ҳатто вилоят полициясининг махсус Аёллар Уйида ҳам яшаган. Унинг уйдан қочиб кетишининг сабаби – уйда қаттиқ тазйиқ остида яшагани ва давомли калтаклангани экан.

Шейма Аёллар уйидан чиққани ҳақида хабар топган оила аъзолари уни ўғирлаб келишган ва оила мажлисида қабилавий-диний урф-одатларга кўра ўлимга маҳкум қилишган, жазони амалга ошириш Шейманинг укаси, 15 ёшли бўлишига қарамасдан “Ҳизбу-Таҳрир” аъзоси сифатида бир неча марта майда жазоларга тортилган Юнусга топширилган. Юнус опасининг овозини чиқармаслик учун, унинг оғзини ёпиштирувчи тасма билан боғлаб, кейин ип билан бўғиб ўлдирган ва далага олиб чиқиб, ҳилватроқ бир ерга кўмган.

Ҳозир Юнус ҳибсга олинган. Терговдан кейин унинг иши судга чиқарилади.