10 July 2010
03:17 - Одамлар каби доллар ҳам Ўзбекистонда қолишни истамаяпти. Нега?
Бугун маҳаллий оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлган хабарда айтилишича, Ўзбекистон Республикасининг давлат Божхона қўмитаси йил бошидан бери қарийб бир миллион (аниқроғи 910 минг) АҚШ доллари контрабандасининг олдини олибди. Яъни, мамлакатдан чиқиб кетмоқчи бўлган валютани ушлаб қолибди. Бу иши билан мақтанган бечора божхоначиларни тушуниш мумкин, лекин божхонанинг тепасида ўтирган ҳукуматни-чи?!

Доллар нега Ўзбекистонда қолишни истамаяпти? Худди кишиларнинг нафаси бўғзига тиқилиб, мамлакатни тарк этишга уринаётгани каби доллар ҳам мунтазам божхоначиларнинг сергаклигини нега синовдан ўтказмоқда?

Чунки, дейди мухбиримиз, мамлакатда эркин бизнес учун шароит йўқ, нормал иқтисодий ричаглар мавжуд эмас. Шундай экан, мамлакатдан чиқиши лозим бўлган миллонлаб доллар учун одамлар турли йўлларни топаверадилар. Масалан, бугунги хабарда "Яллама" пости орқали 3000 доллар яшириб олиб ўтаётган шахснинг қўлга тушгани-ю, бир аёлнинг 7 000 долларни ички кийимига яшириб ўтказишга уриниши мисол қилиб келтирлгани каби.

Тўғри, божхоначилар ўз вазифасини бажариши ва ноқонуний олиб чиқиб кетилаётган долларнинг йўлини тўсишга ҳаракат қилиши керак. Лекин энг яхшиси, Ўзбекистондан доллар олиб чиқишга эмас, доллар олиб киришга қизиқиш уйғотишдир. Иқтисод нималигини ҳам тушунмайдиган режимбоши Ислом Карим раҳнамолигида ишлаётган Ўзбекистон ҳукумати буни қачон тушуниб етади?