09 July 2010
22:58 - Ўзбеклар Брюсселда Ўш қатлиоми борасида матбуот конференцияси ўтказди
7 июлдаги хабаримизда билдирилганидек, ўша куни Европа Иттифоқига раислик қила бошлаган Бельгиянинг пойтахти Брюсселда ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари, хусусан, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноят, Ўзбек-немис форуми еткачиси Умида Ниёзова ҳамда сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Европа жамоатчилиги вакиллари учун махсус матбуот конференцияси ўтказди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг мақсади Қирғизистон жанубидаги ўзбек қатлиоми асл манзаларинини акс эттириш ва Европа сиёсатчиларига ана шу ҳақиқатни англатиш эди.

Ҳозир Европада сиёсий нуқтаи назардан “ўлик мавсум” бўлгани сабабли, бу тадбир унинг мавзусига мос келадиган даражада таниқли исмларни тўплай олмади. Аммо, бундай матбуот конференциясининг Европа марказида ўтказилиши муҳим аҳамиятга эга.

Матбуот конференциясида асосий нотиқ бўлган “Бирлик” Партияси Бош котиби, “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноят 16 июнда Андижонда жойлашган қочқинлар лагерига боргани, 30 га яқин қочқинлар билан гаплашгани, улар берган маълумотлар, гувоҳликларни ëзиб олиб, қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан ëзилган видеотасмани халқаро ташкилотларга бериш ва уни жамоатчиликка етказиш мақсадида Европага келгани, Қирғизистон жанубидаги воқеаларни ўрганиш учун тузиладиган халқаро комиссия учун бу маълумотлар жуда аҳамиятли бўлиши мумкинлигини гапирди.

Унинг фикрича, бу маълумотлар Қирғизистондан тўғри Европага етиб келиши қийин эди.

Матбуот конференциясида иштирок этган ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниёзова ва сиёсатшунос Камолиддин Раббимов узоқдан туриб Қирғизистондаги воқеаларни кузатган кишилар сифатида умумий гапларни айтиш билан чекландилар.

Матбуот конференцияси қатнашчиларига бири 52 минут¸ бошқаси 25 минутлик икки видеолавҳа тақдим этилди.