23 June 2010
00:34 - Ҳукумат ноҳукумат ташкилотларни қўллаб-қувватламоқчи
Бугун Тошкент вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Кенгаши қошидаги Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти, вилоят Адлия бошқармаси ва ҳокимликнинг ўзи томонидан ноҳукумат ташкилотлари фаолиятини жонлантириш мақсадида амалий семинар ўтказилди. Анжуманни Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти мутасаддиси Баҳодир Тоғаев олиб бориб, ҳукумат томонидан нодавлат ташкилотларига яратилаётган шароит ҳақида гапирди. Тошкент вилояти Адлия бошқармаси мутасаддиси эса вилоятда 432 та нодавлат ташкилоти рўйхатга олинганини таъкидлади. Ўз навбатида нодавлат ташкилотлар вакиллари банк муассасаларидан хорижий грантларни олиш муаммосига тўхталиб, ўзларининг фаолияти моддий маблағлар бўлмагани боис тўхтаб қолганидан нолишди.

Анжуманда иштирок этган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вакили, модомики ҳукумат хорижий грантлар олишга йўл қўймас, фандрейзерлик фаолиятига қарши экан, унда ноҳукумат ташкилотларига ажратиладиган молиявий маблағлар миқдорини оширсин, бунга Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти воситачилик қилсин, деди. Баҳодир Тоғаев бу масалада ҳукуматга чиқишини айтди, лекин ноҳукумат ташкилоти вакиллари бу гапга ишонишгани йўқ.