20 June 2010
22:28 - Ўшда тинчлик-хотиржамлик, жамоат транспорти қатнамоқда, қочқинлар қайтмоқда, бозорлар ишламоқда эмиш
Мустақил АКИпресс агентлигининг билдиришича, Ўш вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Канболот Тутуевнинг матбуот котиби бугун пешинга яқин журналистларга хабар сарлаҳасидаги афсоналарни сўзлаган. 2-3 соатдан кейин эса, шаҳар Кенгаши хавфсизлик нуқтаи назаридан ва ремонт ишлари ўтказиш учун Ўшнинг марказий бозорини бекитган.

Вақтли ҳукуматнинг расмийлари қонли жанжаллар арафасида ҳам, жанжаллар учига чиққанда ҳамма нарса жойида, ҳамма нарса назорат остида деб бонг уришганди. Кейин уларнинг ҳамма баёнотлари ёлғон бўлгани ўртага чиқди. Минглаб одамлар қурбон бўлди. Аввалга ўнлаб одамларнинг ўлгани хабар қилинди, ҳозир гап минглаб қурбонлар ҳақида бормоқда. Иккиюзламачилик ва ёлоғон гапиришда Қирғизистон Вақтли ҳукумати Ўзбекистоннинг расмийларидан ҳеч фарқ йўқ эканлиги кун сайин маълум бўлмоқда. Айнан шу платформада ҳозир Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийларининг яқинлашуви бошланади.

Ҳозир ҳар икки томон коммунистчасига икки халқнинг ака-ука каби бир-бирига дўст-меҳрибон эканлиги намойиш қилувчи сунъий тадбирлар ўтказишга бошлашади. Уларга санъаткорлар, иккиюзламачиликда ҳокимиятдагилардан фарқи бўлмаган шоир-ёзувчилар жалб этилади.

Ҳамма яралар битиб кетгандек, ҳамма нарса ўз йўлига тушиб кетгандек тасаввур яратилади. Ва бу ҳолат янги портлашлар бўлгунча давом этади.

Ҳозир бор муаммоларнинг кардинал ечим йўллари қидирилиши керак. Ўзбекистоннинг иштирокисиз, Ўзбекистондаи вақтинча ҳукмронлик қилаётганларнинг эмас, ўзбек миллатининг фикри ҳисобга олинмасдан яратиладиган ҳар қандай барқарорлик вақтинчадир. Ўзи вақтинча бўлган вақтли ҳукуматлар бундан ортиғини эплай олмайдилар ҳам.