19 June 2010
22:06 - Туркияда ҳам тинчлик йўқ, курдлар ҳужуми натижасида 8 турк аскари ўлдирилди
Турк матбуотининг хабарларига кўра, бугун кечаси соат 2 да қаттиқ ёмғир ва тумандан фойдаланиб Ироқдан ўтиб келган 250 кишилик (!!) қуролли гуруҳ Туркия армиясининг тоғдаги қисмларидан бирига уч тарафдан ракеталар билан ҳужум қилди. 5 соат сурган жанг давомида 8 турк аскари ўлди, 14 аскар ярадор бўлди. Туркларнинг қарши ҳужуми натижасида 14 террорист ўлдирилди, Ироққа қочган курдлар вертолётлар билан таъқиб қилинди ва бомбаланди.

Туркияда диний илдизлари чуқур бўлган ҳокимиятдаги Адолат ва Тикланиш Партияси (АТП) билан, бир томондан, армия, иккинчи томондан, дунёвий мухолифат ўртасидаги қарама-қаршилик бир зумда яна оловланди.

Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси, АТП вакили Али Шоҳин ҳамма айбни армияга юклагандек кўринган баёнот бериб, Бош штаб бошлиғидан тушунтириш талаб қилди.

Мухолифатдаги Миллиётчилар Ҳаракати Партияси раиси Давлат Боғчали эса, бу қора кунларимизнинг сабабчиси – Бош вазир Эрдўғон ва унинг ҳукуматидир, аҳволни тузатиш учун 24 июнга тайинланган Миллий Хавфсизлик Кенгаши мажлисини душанба кунига ўтказиш, у мажлисда террор бўлаётган вилоятларда фавқулодда ҳолат эълон қилиш қарори чиқариш, дарҳол пиёда қўшинларни Ироққа киритиб бўлса ҳам, террорнинг у ердаги қароргоҳини йўқ қилиш, тезда вақтидан олдин парламент сайловлари ўтказиш лозим, деди.

Бугун Туркияда дунёвий мухолифат ҳокимиятдаги АТПдан кучсиз, армия аввалги йиллардан фарқли ўлароқ сиёсатга аралашмасликка ҳаракат қилмоқда. Аммо, Туркия курд сепаратизмига қарши сиёсий йўллар билан жавоб беролмаса, тарихда бир неча марта бўлгани каби, армия ҳамма нарсани қўлига олиши мумкин.