05 June 2010
22:21 - Озорбайжон мухолифати Бокуда митинг ўтказолмади, хулосани ўзбек демократлари ҳам чиқариши керак
Бу мамлакатда сонини ҳам, бир-биридан фарқини ҳам ҳеч ким аниқ билмайдиган 50-60 тача мухолифатдаги демократик партиялар бор. Улар нафақат бирлашолмайдилар, аксинча, бир бирлари билан ашаддий равишда курашадилар. Бу - ҳамма ибтидоий жамиятларнинг касаллиги.

Бугун мухолифатчиларнинг “Озодлик” номли блоки Бокуда “Эркин сайловлар учун” шиори остида митинг ўтказмоқчи бўлибди. Бу блокка Озарбайжон Халқ Фронти Партияси ва иккита кичкинагина партия – Либерал Партия ҳамда Фуқаро ва Ривожланиш Партияси киради. Шаҳар ҳокимлигига ўз вақтида митинг учун рухсат сўраб, ариза ҳам берилган экан, аммо, ҳамма диктатураларда бўладигани каби, Боку ҳокимлиги митингга рухсат бермаган.

Бугун эрталаб тахминан 50 нафар “Озодлик” блоки фаоли шаҳар марказида тўпланишга бошлаши билан, уларнинг 20-30 нафари полиция томонидан ушлаб кетилган, қолганлар тарқалиб кетган. Митинг бўлмаган.

Агар бутун мухолифат бирлашиб митинг ўтказса эди, унинг камида юзлаб фаоллари майдонга чиққан бўларди, мухолифатнинг бирлигини кўрган минглаб оддий бокуликлар ҳам уларга қўшилишарди. Лекин, ҳозрча ундай бўлмайди, ибтидоий мухолифатчилар бирлашмайди.

Озориларнинг аянчли тажрибасидан ўзбек демократлари тўғри хулоса чиқариши керак ва вақтни йўқотмасдан “Бирлик” Партиясида ёки унинг атрофида бирлашиши керак. Табиий, бундай бирлашишнинг битта камчилиги бор, у ҳам бўлса ўзбек мухолифати ибтидоийликдан чиққанини ҳамма кўриб қолади.