02 June 2010
01:40 - Тошкентда доимий рўйхатдан ўтиш баҳоси 5000 долларга чиқди
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди томонидан фуқаро Фарҳод Қодиров Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан 9 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У бир неча фуқароларни Тошкентда доимий рўйхатдан ўтказиб бериш шарти билан 5000 АҚШ долларидан (жами 41 000 АҚШ доллари) йиғиб олган. Бироқ бу ишнинг уддасидан чиқа олмаган. Фарҳодга шерикликда гумонланган шахслардан бирининг таъкидлашича, прописка учун йиғилган пулларни шаҳар ҳокимлиги вакилларидан бири олиб, алдаб кетган. Фарҳод эса жавобгар бўлиб қолди.

Фарҳод Қодиров Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани Зарафшон хўжалигидан бўлиб, Тошкент шаҳридаги маҳаллалардан бирига маслаҳатчи бўлиб ишга жойлашган. Шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги рўйхатга қўйиш бўйича махсус комиссиядан таниш орттириб, одамларнинг ҳожатини чиқарган. Афсуски, шаҳарга пропискага кириш чўтали 5000 доллардан кўтарилиб кетди, дейди соҳага яқин кишилардан бири.