01 June 2010
22:08 - Инсоний ёрдам кемаларининг Исроил тарафидан урилиши Ўзбекистон ҳукуматининг диққатини ўзига тортибди
Ғазога кетаётган инсоний ёрдам кемаларига Исроил уюштирган ҳужум натижасида, турли манбаларга кўра, 15-20 кишининг ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар Ўзбекистон ҳукуматининг ҳам эътиборини қозонгани жуда қизиқ. Чунки, қўшни Қирғизистондаги қонли воқеаларда 85 киши ўлганда ҳам Ўзбекистон ҳукумати мум тишлаган эди.

Ташқи ишлар вазирлигига қарашли “Жаҳон” агентлиги тарқатган хабардан маълум бўлишича, вазирлик “бу фожиявий воқеани” қораловчи ва Ғазонинг блокадасини тезроқ очиш лозимлигини таъкидловчи роппа-роса 5 қаторлик баёнот эълон қилибди.

Ҳукуматники деб ҳисобласа бўлаверадиган вазирликнинг баёноти фақат рус ва инглиз тилларида эълон қилинган. Ўзбеклар бундай бекорчи нарсалар билан қизиқмайди, деб ҳисобласа керак ҳукуматимиз.