31 May 2010
23:17 - Гуржистондаги маҳаллий сайловларда президент Саакашвилининг партияси ғолиб чиқди
Кеча Гуржистонда ўтказилган маҳаллий сайловларнинг расмий натижалари бугун кечқурун маълум бўлиши кутилмоқда. Аммо, жаҳон бўйлаб анъанага айланиб бораётган экзит-полларнинг натижалари сайлов ўтказилган мамлакатнинг демократиклик даражасига пропорционал равишда ҳақиқий аҳволни кўрсатмоқда. Ғарбнинг баёнотларига кўра, бугунги Гуржистонда демократия юқори даражада. Демак, Гуржистон экзит-полларнинг натижалари ҳақиқатга яқин.

Бир қатор мустақил ташкилотлар ўтказган экзит-полларга кўра, кечаги сайловларда президент Михаил Саакашвилининг Миллий Ҳаракат Партияси 51.5% овоз билан ғалаба қозонди. Мухолифатдаги энг кўп овоз олган партиялар эса қуйидагилар:

«Гуржистон учун Альянс» - 18.0%
«Топадзе – саноатчилар» - 6.5%
Миллий Кенгаш – 8,4%
Христиан-демократик Ҳаракат – 12.2%

Пойтахт мэри учун курашни ким ютиши ҳам муҳим аҳамиятга эга эди. Экзит-полларга кўра, бу ерда ҳам Миллий Ҳаракат Партияси лидерлик қилмоқда. Унинг номзоди, жорийдаги мэр Гиги Угулава 54.3% овоз билан ғалаба қозонмоқда. Ундан кейинги ўринда қолган мухолифатчи Ираклий Аласания 19,2% овоз олган.

Ғарблик кузатувчиларнинг фикрича, жузий камчиликларни ҳисобга олмаса, Гуржистондаги сайлов демократик стандартларга мос равишда ўтказилган.