28 May 2010
04:34 - Ўзбек демократлари Швеция парламентининг ЕХҲТдаги делегацияси раиси билан учрашдилар
Европа бўйлаб сафарга чиққан Ўзбекистон демократик мухолифатининг лидерларидан иборат гуруҳ бугун Швеция парламентининг ЕХҲТдаги делегацияси раиси Walburga Habsburg Douglas қабулида бўлди. Douglas хоним юксак мартабали меҳмонлар билан Швеция парламенти биносининг музокаралар залида бир соатлик суҳбат қилди. Суҳбат чоғида томонлар ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича фикр алмашдилар.

Douglas хоним асосан Ўзбекистонда сўз эркинлиги, демократик қадриятларнинг қай даражада таомилга кириб бораётгани, мухолифатдаги демократик партияларнинг халқ орасидаги мавқеи, мавжуд ҳукуматнинг демократларга муносабати каби долзарб мавзулар билан қизиқди. Ҳозирда ЕХҲТ раислиги Қозоғистонда бўлгани ва Қирғизистон воқеалари сабабли - ЕХҲТ давлатларининг Марказий Осиёга эътибори катталигини билдирди.

Ўзбек мухолифатчилари навбати билан ўз фикларини сўзладилар.

«Бирлик» Партияси раисининг ўринбосари, партиянинг Қашқадарё вилоят ташкилоти раиси Дайнов Ташанов:

Биз партиянинг таъсис Қурултойи бўлиб ўтган 2003 йилдаёқ амалдаги қонун талабларидан келиб чиқиб, партияни рўйхатдан ўтказиш учун зарур бўлган барча ҳужжатларни Адлия вазирлигига топширдик. Адлия вазирлиги бир неча марта жузъий хатоларни рўкач қилиб, ҳужжатларни қайтарди. Биз унинг ҳамма талабларини бажардик. Аммо, орадан етти йил ўтиб кетди, вазирлик ҳали ҳам жўяли жавоб бера олгани йўқ.

Мен ўз тажрибамдан келиб чикиб, мухолифатни рўйхатга олишдан нафақат халк, ҳатто, амалдаги ҳукумат ҳам катта наф кўради деб ҳисоблайман. Бу билан ҳукумат ЕХҲТ томонидан жорий этилган иқтисодий чекловни бекор қилиш учун қўйилган шартлардан энг асосийсини бажарган бўлади; ҳукуматнинг халқаро обрўси кўтарилади; авж олиб бораётган коррупцияни назорат қилиш ва чегаралаш имкони пайдо бўлади.

«Бирлик» Партияси раисининг ўринбосари ва Фарғона водийси вилоятлари бўйича координатори Ҳамдам Сулаймон:

«Бирлик» Партиясининг ҳалигача рўйхатга олинмагани Ўзбекистон ҳукуматининг энг катта хатоларидан бири деб ҳисоблайман. Ҳеч кимга сир эмас, амалдаги ҳукумат ўзини демократик бошқарувга асосланган ҳукумат деб ҳисоблайди. Ахир, бунга дунёни ишонтириш учун бу йўлда нимадир амалда килиш ҳам керак-ку. Демократиясиз демократия бўларканми? Расмий мухолифатсиз ҳукумат қандай қилиб демократик бўлсин. Демократик давлатнинг тимсолларидан бири, бу давлатда мухолифатнинг мавжудлиги ва унинг эркин фаолият олиб боришидир. Расмий мухолифатнинг йўқлиги мавжуд ҳукумат такомилидаги кемтикларнинг энг каттаси деб ҳисоблайман.

«Бирлик» Партияси Сирдарё вилоят ташкилотининг раиси Исроил Ризаев:

Ҳозир Ўзбекистон ҳукумати чуқур моҳиятли ислоҳотларни жорий этишга ҳаракат қилмоқда. Аммо, бу ислоҳотлардан бирортаси ҳам ҳалигача ижобий натижа бергани йўқ. Ва Ўзбекистон йигирма йилдан бери «ўтиш» даврини бошдан кечирмокда.

Бунга сабаб - жорий этилган қонунларнинг бирортаси ҳам мақсадли ижро этилмаётганидир. Қонунлар ишламагандан кейин ислоҳотлар, улар қанчалик олийжаноб мақсадли бўлмасин, амалга ошмайди.

Қонунлар ишлаши учун амалдаги ҳукуматга нисбатан кучли мухолифат фаолият кўрсатиши шарт. «Бирлик» Партияси Ўзбекистон халқига ва ҳукуматига шундай имкониятни бериш учун курашмоқда. ЕХҲТ ва бошқа шундай халқаро ташкилотлар Ўзбекистонга муносабатда ушбу факторни диққат марказида тутишларини истардик.

Ўзбекистон «Эрк» демократик партияси раиси Самад Мурод.

«Эрк» мустақилликнинг биринчи йилидаёк расмий мақом олган, парламент, ҳатто, президентлик сайловларида қатнашиб, халқ орасида ўз ўрни борлигини исбот этган партиядир. Аммо, 1993 йил ноябрь санаси билан партиянинг расмий фаолиятини вақтинча тўхтатиш ҳақидаги суд қарори партия Маркази Кенгаши Бош котибига 1998 йилда тақдим этилди.

Орадан яна ўн икки йил ўтди. Аммо, биз партиянинг расмий мақомини тиклаш учун Адлия вазирлигига ҳужжат топширишдан олдин, 1998 йилда тақдим этилган суд қарорини айнан суд қарори билан бекор қилинишига эришишимиз лозим.

Айни пайтда «Эрк» номи остида бир бирига томоман тескари ғоя, мақсад ва стратегияни танлаган иккита гуруҳ ҳаракат қилмоқда.

1. Ҳокимиятни исён ва уруш орқали эгаллашни мақсад қилиб, амалда халқаро диний экстремистик кучлар билан бирлашиб кетган, айни пайтда асосан муҳожирликда иш олиб бораётган гуруҳ.

2. Мамлакат ичкарисида кўп сонли электоратга эга, демократик бошқарувга, очиқ бозор иқтисодиётига асосланган ва инсон ҳуқуқлари кафолатланган жамият қуриш орзуси билан яшаётган, курашнинг демократик йўлини танлаган «Эрк» демократик партияси иш олиб бормокда.

Токи бу англашилмовчилик бартараф этилмас экан партиянинг сиёсий мақомини тиклай олмаймиз.

Биз ЕХҲТ парламенти ушбу ҳолатга адолатли муносабат билдиришини, ҳар кимни ўз номи билан аташини истаймиз.

Ўзбек демократларининг Европага саёҳатини уюштирган ва ҳозир мажбуран Швецияда яшайдиган «Бирлик» Партияси раисининг ташқи алоқалар бўйича ўринбосари Пўлат Охун бугунги учрашувда нафақат таржимонлик қилди, балки, Ўзбекистондаги ҳокимиятнинг нодемократлиги хусусида ўз фикрларини билдириш билан бир қаторда, ҳозир Ўзбекистонда «Бирлик» Партиясининг мақомини расмийлаштириш учун курашиш ЕХҲТ каби халқаро ташкилотларнинг ҳам мажбурияти эканлигини алоҳида таъкидлади.

Учрашув сўнгида Дуглас хоним мазмунли ўтган суҳбат учун ҳурматли мехмонларга раҳмат айтиб, шу йил июль ойида Ослода бўлиб ўтадиган ЕХҲТ Парламентлараро Ассамблеясида Ўзбекистонда иш олиб бораётган «Бирлик» ва «Эрк» каби мавжуд ҳукуматга чинакам мухолифатда бўлган жиддий сиёсий солиҳиятга молик партияларнинг ҳанузгача расмий мақом олмаганини ҳаммага билдиришга ва Асамблеянинг якуний ҳужатларида бу вазиятни акс эттиришга ҳаракат қилишга ваъда берди.

Дуглас хоним хайрлашув чоғида меҳмонларнинг Ўзбекистонда олиб бораётган жасоратли фаолиятларига муваффақиётлар тилади. Бундан ташқари Дуглас хоним ўзбекистонлик мухолифатчиларидан Ўзбекистонга қайтиб боргандан кейин ҳам ўзи билан доимий алоқада бўлишларини илтимос қилди.