24 May 2010
19:38 - Қирғизистон милициясидан видео орқали кечирим сўраган ўзбекларнинг лидери “Бирлик”нинг маслаҳатларига қулоқ солса эди, бундай шарманда бўлмасди
Бу мамлакатдаги ўзбек диаспорасининг лидерлигига даъво қилаётган Қодиржон Ботиров 19 майда Жалолободда бўлган тартибсизликларнинг сабабчиси сифатида қидирувга эълон қилинганди. Ички ишлар вавзирлигининг расмийлари билдиришича, у бугун вазирликка видо-баёнот юборибди ва эҳтиросга берилиб кетиб айтган баъзи сўзлари учун кечириб сўрабди, мақсади миллатлараоро мавзуларни тилга олиш бўлмаганини билдирибди.

Қодиржон Ботиров ўз тарафдорларининг, яъни ўзбекларнинг ўша кунги митингида нима дегани ҳеч қаерда эълон қилинмади. Аммо, шундан кейин қирғизлар унга қарши тахминан 10-15 минг кишилик митинглар ўтказишгани, ўртада ўзбеклар билан нозолар чиқиб, 3 киши ўлганини ҳисобга олиб тахмин қилиш мумкинки, ўзбекларнинг лидери қирғизларга тегиб кетадиган қаттиқ гаплар гапирган.

У нима дегани ва нима учун деганини ҳам тахмин қилиш мумкин.

Аввалги хабарлардан маълумки, Қодиржон Ботиров биринчи кунларданоқ, кўринишидан, фақатгина ўзининг моддий манфаатларини кўзлаб, Вақтли ҳукуматнинг ашаддий тарафдори бўлди ва ҲАММА ўзбеклар бу масалада ўзи билан бирга эканлигини кўрсатиш учун, ўзбекларнинг турли митингларини ўтказишга бошлади.. Қирғизистоннинг жанубида қирғизларнинг кўпчилиги ёки катта қисми Бақиев тарафдори бўлган пайтда, Қодиржон Ботиров ва ўзбеклар ўзларини якдиллик билан Вақтли ҳукумат тарафдори қилиб кўрсатишлари уларни маҳаллий қирғизларга қарши қилиб қўйиши табиий эди.

Яна мутлақо табиийки, Вақтли ҳукуматни қўллаб-қувватловчи митингларда Вақтли ҳукуматга қарши бўлганларга қарши қандайдир сўзлар айтилган. Жанубда Вақтли ҳукуматга қарши бўлганлар асосан қирғизлар бўлгани сабабли, бу сўзлар қирғизлар тарафига тош отиш бўлган. Эҳтирос ичида, бу сўзлар очиқчасига қирғизларга қарши бўлиб кетгани ҳам табиий.

Сиёсий тажрибаси бор одамлар буни аввалдан ҳисобга олишлари керак эди. Аммо, жалолободдлик ўзбеклар ва уларнинг лидерлари шундай оддий нарсаларни ҳисобга олмадилар, тўғриси, вақтида бундай нарсаларни тушунмадилар.

Шундай хавф борлигини ўз вақтида тушунган бизнинг мухбирларимиз бўлаётган воқеаларга 14 апрелдаёқ шундай шарҳ беришган эди: “Ҳозир жалолободлик ўзбеклар номидан корчолонлик қилаётган, баёнотлар бераётган аллақандай Қодиржон Ботиров эс-хушини қанча тезроқ йиғиб олса, ўзбекларга шунча яхши бўлади.”

“Бирлик” Партиясининг 15 апрелда эълон қилинган баёноти ҳам ўзбекларни хушёрликка чақириши керак эди.

Минг афсуски, Қодиржон Ботиров кабилар вақтида эс-хушларини йиғиб олмадилар, натижада, ўта ибтидоий якдиллик билан Вақтли ҳукуматни қўллаб-қувватлаган ўзбеклар ёмон отлиққа чиқарилди.

Ҳозир ҳокимият бўшлиғи ичида қолган Қирғизистонда бундан ҳам қонли воқеалар бўлишидан қўрққан қўшни мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар Вақтли ҳукуматни мажбуран қўллаб-қувватламоқдалар, тезроқ легал ҳокимият яратилишини истамоқдалар.

Лекин, шундай бўлса ҳам, Вақтли ҳукумат оёқда қолиши қийин. Ҳатто у ҳозирги босқичда оёқда қололса ҳам, вақти келиб, ноқонуний ҳаракатлари ва қон тўкилишнинг асосий сабабчиси сифатида қораланади. Ана ўшанда, ҳозирги ҳукуматни ибтидоий ЯКДИЛЛИК билан қўллаб-қувватлаган Қирғизистонлик ўзбеклар нафақат уятга қоладилар, балки, ўз мавқеларининг заифлашишига ўзлари сабабчи бўлган бўладилар.

Қодиржон Ботиров кабилар “Бирлик” Партияси лидерлари ва “Ҳаракат” сайти мухбирларининг маслаҳатларига вақтида қулоқ солсалар эди, бугун бўлгани каби, бир ерларда яшириниб ётиб, ўша ердан видо орқали кечирим сўраб юришга ҳожат қолмасди, бундан ҳам муҳими, ўзбекларнинг юзи шувут, тили қисиқ бўлиб қолмасди.