22 May 2010
13:30 - Венада Европа қозоқларининг йиллик қурултойи ўтмоқда
Қозоғистоннинг Австриядаги элчихонаси ёрдамида ўтказилаётган қурултой кеча иш бошлади ва эртагача давом этади. Анжуманда Австрия, Германия, Буюкбритания, Швейцария, Дания, Франция, Норвегия, Ҳолландия ва Туркияда яшайдиган қозоқларнинг вакиллари ва Австриянинг расмийлари иштирок этмоқда, дейилади Казинформ агентлигининг хабарида.

Анжуманнинг асосий мажлиси 23 майда бўлади. Унда Қозоғистоннинг Австриядаги элчиси Ержан Қозихонов, Жаҳон қозоқлар ассоциацияси раҳбарининг ўринбосари Талгат Мамашев, Европа қозоқлар ассоциацияси раиси Қаюм Кесижи, қозоқларнинг Австрия диаспораси лидери Казирхон Шолпан ва бошқалар нутқ сўзлайдилар.

Қурултой доирасида “Абай” номли Қозоғистон-Австрия жамиятининг кўргазмаси, футбол турнири ва Қозоғистон санъат усталарининг концерти ҳам бўлади.