21 May 2010
14:22 - Қирғизистон бутунлай масхарабозлик майдонига айланди
Бугун эрталаб қирғизларнинг мустақил АКИпресс агентлиги хабар беришича, мамлакатнинг Бош прокуратураси президент Қурмонбек Боқиевнинг укалари Акмат, Канибек ва Жаниш, ҳамда фуқаролар Пайзулла Раҳманов ва Кубаничбек Торобаевга қарши жиноий иш очиб, текшириув ишлари бошлаган.

Бу 5 кишига 19-20 май кунлари Жиноят Кодексининг “Оммавий тартибсизликлар уюштириш”, “Хулиганлик”, “Ноқонуний ўқ ўтиш қуроллари ишлатиш”, “Ҳокимият вакилларига нисбатан куч ишлатиш”, “Ҳокимиятдаги одамнинг унвон ва ваколатларини тортиб олиш” моддаларида кўрсатилган ҳаракатлар қилиш айби қўйилмоқда.

Маълумки, 19-20 май кунлари Жалолободда бўлган оммавий намойиш қатнашчилари Пайзулла Раҳмоновни вилоят ҳокими, Кубаничбек Торобаевни вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинлашганди.

Ўша кунги қилинган ишлар мутлақо қонунсиз бўлган ва бу ишларнинг ташкилотчилари, агар бу кишилар ташкилотчилар бўлса, жиноий жавобгарликка тортилиши тўғридир.

Аммо, 7-8 апрель кунлари айнан шу каби жараёнлар ҳозирги Вақтли ҳукуматни қонунга хилоф равишда ҳокимиятга олиб келган, Вақтли ҳукумат давлат расмийларининг ваколатларини ўзига тортиб олганди. Нега Бош прокуратура уларга қарши жиноий иш очмайди-да, 19-20 май воқеаларининг ташкилотчиларига қарши иш очади? Мамлакатнинг Жиноий Кодекси борлигини Бош прокуратурадагилар энди билиб қолишганмикан?

Хуллас, масхарабозлик ҳам эви билан-да, дейдиган одам йўқ Қирғизистонда. Балки, бу масхарабозлик ҳам эмас, янги диктатуранинг биринчи қадамлари бўлиши мумкин. Наҳотки, Вақтли ҳукуматнинг одамлари вақти келиб бошларига Пиночетнинг куни тушишини ўйламайдилар, Қирғизистонда иш бошига келган биринчи демократик ҳокимият ҳозирги кунларнинг воқеаларини қайтадан баҳолашга мажбур бўлишини тушунмайдилар.