13 May 2010
03:50 - Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Пўлат Абдураҳмонов 7 йилга қамалган
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди ҳукми билан вилоятнинг собиқ ҳокими Пўлат Абдураҳмонов етти йилга озодликдан маҳрум қилинган. Бу ҳақда маҳаллий адвокатлардан бири мухбирларимизга маълум қилди. Аввалги хабарларимизда мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва талон-таржликда айбланаётган собиқ ҳокимнинг эҳтиёт чораси сифатида ҳибсга олинганини билдиргандик. Пўлат Абдураҳмонов Самарқанднинг судланган ва қамалган ҳокимларининг биринчиси ҳам, сўнггиси ҳам эмас.

Масалан, Самарқанд шаҳрининг собиқ ҳокими, Ўзбекистон ССР комсомолининг собиқ котиби Азиз Носиров 5 йилга, вилоятга 2008 йилга қадар ҳокимлик қилган Аъзамхон Баҳромов 15 йилга қамалган. Судланган ва шартли қамоққа ҳукм қилинган турли ҳокимчаларнинг сони эса 20 ни қоралайди.