12 May 2010
15:25 - Россия президенти Сурия ва Туркияга ташриф буюрди
Бир кун аввал Сурияда бўлган Россия президенти Дмитрий Медведев кеча кечқурун Анқарага келди. Унинг Туркия президенти Абдуллоҳ Гул билан биринчи учрашуви норасмий шаклдаги кечки овқат дастурхони атрофида, икки президентнинг турмуш ўртоқлари иштирокида бўлди.

Россия араб-яҳудий конфликтида кўпроқ араблар тарафини олиши ва шу йўл билан Ғарбнинг бу минтақадаги кучини камайтиришга интилиши аввалдан маълум. Шу сабабли, Россия раҳбарларининг Сурия диктатори билан анъанавий учрашувлари ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайди.

Ҳар дом Ғарб тарафида бўлган Туркия сўнгги йилларда Россия билан алоқаларини мустаҳкамлашга интилишининг сабаби ҳам шунга ўхшаш. Россия Туркиянинг табиий газга бўлган эҳтиёжларини қондиришга ёрдамчи бўлиб, Туркияни Ғарбдан узоқлаштиришга ва ҳозирча катта қисми Россиянинг таъсир доирасида бўлган Турк дунёсида Туркиянинг ролини камайтиришга интилаётгани ҳаммага маълум. Туркия буни билатуриб, шу йўлдан кетаётгани - Туркияда Турк дунёси билан ортиқча иши бўлмаган исломчиларининг мавқеси ортиб бораётганининг натижасидир.

Нима бўлганда ҳам, бу икки мамлакат ўзаро алоқаларини жиддий шаклда юқори даражага олиб чиқмоқдалар. Медведевнинг бу сафари давомида Туркиянинг жанубида биргаликда атом электростанцияси қуриш ва Туркия билан Россия ўртасида визаларни бекор қилиш каби масалалар муҳокама қилиниши ҳамда керакли шартномалар имзоланиши кутилмоқда.