06 May 2010
03:45 - Нурсултон Назарбой Қирғизистон билан чегараларни очишга ваъда берди
Қирғизларнинг мустақил АКИpress агентлигининг хабарига кўра, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбой Қирғизистон Вақтли ҳукуматининг раиси Роза Отунбаева билан телефон орқали гаплашиб, яқинда икки мамлакат ўртасида узилган чегара алоқаларини тиклашга ваъда берган.

Хабарга кўра, аввал чегара атрофида савдо ишлари йўлга қўйилади, иқтисодий юклар ўтказиш учун чегара очилади, бир неча кундан кейин эса, одамларни ҳам ўтказиш бошланади.

Лекин, бу ҳақда икки томон ҳам расмий баёнот ёки хабар тарқатмади. АКИpress ҳам хабарнинг манбасини кўрсатмаган.