05 May 2010
20:51 - Бурқа кийган йўловчи Ҳиндистонда учоқдан чиқариб текширилди, Исломни тезроқ ислоҳот қилиш мажбуриятга айланмоқда
Билетлари арзон-гаров бўлган учоқ Пуне шаҳридан 123 йўловчи билан Колката шаҳрига Нью-Дели орқали учаётганда, Нью-Делида унга икки йўловчи ўтиришибди. Россия фуқаролари бўлган йўловчилардан бири бурқада экан. Бу ҳақда хабар берган The Times Of India газетасида бурқали аёл Нью-Дели аэропортида хавфсизлик хизмати ходимлари тарафидан текширилгани ёки текширилмагани айтилмайди. Аммо йўловчилар бурқали аёл эркаклар каби гавдали эканлигидан шубҳага тушиб, учоқ персонали орқали унинг бурқасини ечиб, кимлигини текширишни талаб қилишибди. Бурқадаги шахс буни рад этибди.

Бу пайтда учоқ Колката шаҳри аэропортига яқин жойда қўниш учун навбат кутаётган экан. Воқеадан хабар топган аэропорт хизматчилари йўловчилар каби ваҳимага тушиб, бу учоқни ҳаммадан олдин, шошилинч равишда ерга қўндиришибди ва алоҳида жойга турдиришибди. Хавфсизлик хизмати ходимлари бу икки кишини дарҳол ҳаммадан ажратиб олиб, уларнинг кимлигини текширишибди. Бурқали одам аёл экан.

Дунёда даҳшатли воқеалар бўлиб турган пайтда, ўз хавфсизлигини ўйлаган учоқ йўловчиларини тушуниш мумкин, аммо ўз диний ақидаларига асосланиб бўлса керак, воқеани шунчалик мураккаблаштиришга борган бурқали аёлни тушуниш қийин.

Миллионлаб мусуломонларнинг ҳаммасини 21 аср реалликларини тушунадиган одамларга ҳеч қачон айлантириб бўлмайди. Хусусий фатволар ҳам муаммони ҳал қилолмайди. Шунинг учун Ислом динининг ўзи ислоҳот қилиниши, бу каби воқеаларга йўл очадиган ақидалар шу пайтгача хато тафсир қилиб келингани тан олиниши лозим.

Ер юзининг кўп қисмида Исломнинг асосий фарз-қарзларини, масалан, Қиблага қараб номоз ўқиш ёки 5 маҳал номоз ўқиш фарзларини бажариб бўлмаслиги маълум бўлган замонда, бурқа ва ҳижоб каби учинчи даражалари фарзлардан муаммо чиқариш мантиқсизликдир.