04 May 2010
20:44 - Мақоми маълум бўлмаганлар Боқиевнинг дахлсизлик мақомини бекор қилишибди
Русларнинг “Новости” агентлиги бир соатча аввал тарқатган хабарга кўра, Қирғизистоннинг Вақтли ҳукумати президент Қурмонбек Боқиевнинг дахлсизлигини бекор қилувчи декрет чиқарибди. Энг қизиғи, қирғизларнинг оммавий ахборот воситалари бу ҳақда ҳали ҳеч нарса билдиришмади. Нодемократик режимлар учун оддий ҳол. Биз ўзбеклар ҳам ўз ҳукуматимизнинг баъзи қарорларини ташқаридан ўрганамиз-ку!

Мана энди, ҳеч қандай ваколати бўлмаган Вақтли ҳукуматнинг ноқонуний қарор-буйруғини Қирғизистоннинг ҳуқуқ-тартибот органлари бажариши керак. Адолат устидан шунчалик кулиш бўладими? Агар бу - баъзибир ўзбекдан чиққан аҳмоқ демократлар олқишлаётган адолат бўлса, Ўзбекистон ҳукуматининг адолатсизлигидан нега дод-вой қиламиз? Демак, ҳокимиятни қўлига олволган одамлар истаганларини қилаверишлари адолат эканда?

Роза Отунбаева Боқиевни қанчалик жиноятчи деб ҳисобласа, Ўзбекистон режими ҳам Мамадали Маҳмудов, Мурод Жўраев, Юсуф Жума ва бошқа ўнлаб ҳозир қамақхоналардан ётган одамларни шунчалик жиноятчи ҳисоблаб, озодликдан маҳрум қилган. Ўзбекистон режимининг ҳам ўзига яраша аргументлари бор. Улар судда “тасдиқланган”. Боқиев суд қилинса, қирғиз суди ҳам ҳамма айномаларни “тасдиқлаши” шубҳасиз.

Қирғизистонда суд ва прокуратура органлари ҳуқуқни ҳурмат қилишади, бизда каби, юқорининг айтганини қилаверишмайди, дейдиган калтафахмлар ҳам бўлиши табиий. Агар, Қирғизистон прокуратураси ва суди ҳуқуқни ҳурмат қилса, ҳеч қандай ваколати бўлмаган, оддийроқ қилиб айтса, кўчадан келиб, расмий идораларни эгаллаб олган одамларнинг буйруғини бажарадими?

Албатта, бажаради, худди ўзимизда каби. Аввал улар учун Боқиевнинг дегани деган эди, энди Отунбаеванинг дегани деган. Чунки, Роза ва Исломлар кимнидир жиноятчи деб ҳисоблашдими, демак, у жиноятчи! Бошқача бўлиши мумкин эмас.