04 May 2010
13:09 - Қозоғистон Европарламентга коррупцияга қарши кураш тажрибасини тақдим этди
Кеча Европа Иттифоқининг парламентида Қозоғистон Иқтисодий ва коррупцион жиноятчиликка қарши кураш агентлигининг (молиявий полиция) раиси Кайрат Кожамжаров ўз мамлакатининг коррупцияга қарши кураш бўйича тажрибасини тақдим этди, дейилади Қозоғистоннинг расмий Казинформ агентлиги тарқатган хабарда. У Қозоғистоннинг бу соҳадаги қилаётган ишлари ҳақида гапириш билан бир қаторда, евроатлантика билан евросиё коррупцияга қарши курашда ҳамкорлик қилиши лозимлигини ҳам айтган.

Қозоғистоннинг Бельгии, Люксембургдаги элчиси, айни замонда, Қозоғистоннинг ЕИ ва НАТО қошидаги миссияларининг раҳбари Ерик Утембаев бу соҳадаги ҳамкорликнинг муҳимлигини таъкидлаган.

Хабарда яна айтилишича, Европарламентнинг Марказий Осиё ва Мўғилистон билан ҳамкорлик қилиш бўйича ҳайъатининг раҳбари Паоло Бартолоцци бутун Европарламент номидан қозоқ тарафига бу тақдимот муносабати билан миннатдорчилик билдирибди.

Қозоғистон ҳамма масалаларда жаҳон миқёсида ишлар қилаётгани, Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари ичида шубҳасиз лидер бўлиб бораётгани - Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбой Ўзбекистон президенти Ислом Каримдан ҳар томонлама юқори сиёсатчи ва шахс эканлигининг кўрсатгичидир, дейди мухбиримиз.