20 April 2010
00:12 - Жалолобод нотинч, ташаббус президент тарафдорларида
Бугун Жалолобдда яна нотинчлик. Эрталабдан шаҳарнинг Эркинлик майдонида президент Боқиев тарафдорлари тўпланишга бошлашди. Аввал уларнинг сони 1 минг эканлиги хабар қилинган бўлса, кейинчалик уларнинг сони ортиб борган. АКИпресс агентлигига кўра, аввалига митинг қатнашчилари Боқиев тарфдорларини таъқиб қилмасликни, 7-8 апрель воқеаларини ўрганиш учун халқаро комиссия тузишни талаб қилиш билан чекланганлар.

Бошқаларга қараганда объективроқ хабар тарқатаётган 24.kg агентлигининг сўнгги хабарларига кўра, митинг қатнашчилари тушдан кейин, милиционерларнинг осмонга ўқ отишларига қарамасдан, Вилоят Ички ишлар бошқармасини босиб олиб, охирги кунларда Боқиев билан бирга бўлган Кубаничбек Торобаевни Бошқарма бошлиғи этиб “тайинлашган”. Унинг ўзи ва милиционерлар бу қарорни қабул қилишибди.

Воқеаларнинг ривожланиши бу билан ҳам битмади. Яна бир соатчадан кейин 100 га яқин одам, улар асосан Боқиевнинг қишлоқдошлари ва қариндошларидан иборат, вилоят ҳокимияти биносини ҳам босиб олишди. Улар “Бишкекдаги ҳокимият қанчалик қонуний бўлса, биз ҳам шунчалик қонуниймиз” дейишмоқда.

Вилоят ҳокимиятини қўлга олганлар дарҳол вилоят ҳокимини ҳам тайинлашди. Янги ҳоким Пайзулла Раҳмонов Вақтли ҳукумат тарфидан ноқонуний тарқатиб юборилган мамлакат парламентининг аъзоси ҳам экан.

Хуллас, ҳамма нарса “Бирлик” баёнотида билдирилган хавотирликлар йўналишида кетмоқда. Қирғизистонда қарама-қарши тарафлар ўзбек демократик мухолифати берган таклифларни тезроқ қабул қилишса, мақсадга мувофиқ бўларди.