17 April 2010
14:29 - Пўлат Охун Швеция ташқи ишлар вазирлигида қабул қилинди
Кеча “Бирлик” Партияси раисининг ташқи алоқалар бўйича ўринбосари Пўлат Охун Швеция ташқи ишлар вазирлигида вазирликнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Жон Свенсон (John Svensson) ва Швециянинг Ўзбекистондаги элчиси Ханс Олссон (Hans Olsson) билан учрашди. Унга “Бирлик” фаоли Анвар Карим ҳамкорлик қилди.

Бирликчилар швециялик дипломатларни Ўзбекистонда бораётган сиёсий жараёнлар, демократик мухолифатнинг, унинг асосий кучи бўлмиш “Бирлик” Партиясининг Ўзбекистонда демократияни ривжлантириш йўлида олиб бораётган курашининг ҳамамага ҳам маълум бўлмаган тафсилотлари билан таништирдилар, Марказий Осиёда, хусусан Қирғизистонда бўлаётган воқеаларни “Бирлик” қандай баҳолаётганини тушунтирдилар.

Ўзбекистонда демократик тузум яратиш бизнинг вазифамиз, деди Пўлат Охун, аммо ҳозирги босқичда биз Ғарб демократиясининг ёрдамига муҳтожмиз.

Мезбонлар Ўзбекистондаги вазият ҳақида тафсилотли маълумотлар олганлари учун миннатдорчилик билдириш билан бир қаторда, Швеция ҳукумати авваламбор ўз имкониятлари доирасида ҳамда ЕХҲТ ва ЕИ каби ташкилотларнинг аъзоси сифатида, Ўзбекистонда демократияни ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида ижобий ўзгаришларга эришиш учун ҳамма керакли ишларни қилаётгани, бундан кейин ҳам бу ишлар давом этишини билдирдилар. Бу учрашув шу йўналишдаги муҳим қадам эканлиги эътироф қилинди, бу каби учрашувларни давом эттиришга келишилди.