31 March 2010
00:24 - Москва террор қурбонлари учун мотам тутти, ҳаёт давом этмоқда, ҳукумдорлар таҳдид қилиш билан овора, мухолифат хавотирда
Кеча Москва метросининг “Лубянка” ва “Маданият боғи” станцияларида икки ўлимчи-террорист аёл тарафидан содир этилган портлашлар натижасида 39 киши қурбон бўлди. Шу муносабат билан бугун Москвада мотам эълон қилинган.

Ҳалок бўлганларнинг оилаларидаги мотам, оддий москваликлар ва пойтахт меҳмонларининг портлашлар бўлган жойларга гул қўйишлари, радио-телевидениеда қўнгилочар музикаларнинг бир кунга йўқ бўлганини ҳисобга олмаса, Москвада оддий ҳаёт давом этмоқда. Метро шаҳарнинг асосий транспорт воситаларидан бири бўлгани учун, одамлар ундан нарироқ туришга ҳаракат қилишаётгани ҳам кўринаётгани йўқ.

Президент Медведев ва бош вазир Путин терроризмни илдизларини қуритиш, ушбу теракт ташкилотчиларини йўқ қилишга ваъда бериб, қуруқ сўзлар айтмоқдалар ва рус халқи олдида кеча яна бир поғонага тушган обрўларини сақлаб қолиш учун ўлиб-қутилиб ҳаракат қилмоқдалар. Ҳар доимгидек, маданийроқ гапириш учун сўз бойлиги етишмайдиган Путин, “террористларни канализация қувурларидан бўлса ҳам топамиз”, дейишгача борди.

Мухолифат лидерларидан бири Борис Немцовга кўра, тўла банкрот бўлган Путин режими бу теракатларни баҳона қилиб, демократик мухолифатга босимини янада орттиради.

Рус ахборот воситалари хабар беришича, Шимолий Кавказ билан Москва ўртасида шахсий автобуси билан одам ташийдиган бир ҳайдовчи икки ўлимчи-террорист аёлни ҳаммага тарқатилган расмларидан танибди ва уларни ўз автобусида Москвага олиб келганини айтибди.