30 March 2010
05:45 - Туркиянинг Европа Иттифоқига киришига қарши бўлган Ангела Маркел Анқарада
Германия канцлери (Бош вазири) Ангела Маркел Туркияга расмий ташриф билан келиб, бу ерда ҳамкасби Ражаб Эрдўғон билан музокаралар олиб бораётгани, у Туркия президенти Абдуллоҳ Гул билан ҳам учрашгани, кеча Туркия ахборот воситаларининг диққат марказидаги асосий хабар эди.

Туркиянинг Германия билан иқтисодий алоқалари энг юқори савияда. Германияда бу ерга бир маҳаллар меҳнат муҳожири сифатида келиб, бутунлай ерлашиб қолган бир неча миллион турк яшайди. Бу ҳол ҳам икки мамлакат алоқаларининг ижобий ривожланишида муҳим роль ўйнайди.

Туркия-Германия муносабатларига совуқ сув тўкиб турадиган бир нарса бор холос. Бу ҳам бўлса, Германия Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишига тиш-тирноғи билан қарши эканлиги. Германиянинг ҳамма канцлерлари, Ангела Маркел ҳам уларнинг ичида, ўз қаршиликларини етарлича чиройли ва дипломатик иборалар билан изҳор қилишади: бу мамлакатда демократия етарлича жойлашмаган, иқтисодий ривожланиш ҳам Европа стандартларига ҳали мос келмайди, демак, шошмаслик керак.

Бу эътирозлар тамомийла ўринли. Аммо, асосий сабаб бошқа: Аҳолисининг сони бўйича, Европанинг Германиядан кейинги иккинчи мамлакати бўлган мусулмонлар Туркияси Германиянинг Европадаги лидерлик ролига соя солиши мумкин. Эрдўғон раҳбарлигидаги Адолат ва Тараққиёт Партиясининг чуқур исломий илдизлари немисларни яна ҳам эҳтиёткор бўлишга мажбур қилаётгани ҳам ҳақиқат

Бир-бирларини бу масалада жуда яхши тушунган икки мамлакат лидерлари, яъни бош вазирлар Ражаб Эрдўғон ва Ангела Маркел бир-бирларига қаттиқ гапирмасликка, ўзаро муносабатлар ҳар томонлама яхши кетмоқда деб кўрсатишга уринадилар. Шу пайтгача ўз мамлакатида турк мактаблари очилишига қарши бўлган Ангела Маркелнинг кеча илк дафъа бунга розилик билдирувчи сўзлари ҳам шу келишувчилик сиёсатнинг давомидир.

Аммо, ташқи сиёсатда, Эрон ва Исроилга бўлган муносабатларни белгилашда, икки томон келиша олмаслиги аниқ. Кеча асосан Эрон ҳақида музокаралар бўлди. Туркия Эроннинг ядровий дастури атрофида чиқаётгани муаммоларни дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақирса, Германия канцлери Эрон раҳбарлари БМТ Хавфсизлик Кенгаши талабларига сўзсиз бўйсуниши лозимлигини гапирмоқда.