30 March 2010
00:25 - Журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Дилмурод Саййидни бошқа колонияга ўтказишмоқчи
Маълум бўлишича, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли, журналист Дилмурод Саййидни бошқа колонияга ўтказишмоқчи. Журналист чалинган ўткир сурункали сил (туберклёз) хасталиги туфайли ўтган йилнинг 12 декабрь куни Ўзбекисон ИИВ Жазони ижро этиш тизимига қарашли 64/18-муассасага (Сангород) олиб келинганди. Сангород мутахассисларига кўра ҳуқуқ ҳимоячиси бутунлай соғлиғини тиклаган, бироқ у билан куни кеча муассасада кўришиб қайтган қариндошларга кўра, унинг аҳволи қониқарли эмас.

Эслатиб ўтамиз, Дилмурод Саййид ўтган йилнинг июлида жиноят ишлари бўйича Тойлоқ тумани суди ҳукми билан Ўзбекистон ЖКнинг товламачилик ва ҳужжатларни қалбакилаштиришга оид айблови билан 12,5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Жиноят иши қуйи инстанция судларида тасдиқланиб, Олий судга қадар етиб келди. Бироқ Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати журналистнинг ҳимоячилари арзига ҳанузгача жавоб бергани йўқ.