18 March 2010
03:35 - Бишкекда нима бўлди, қурултойми ёки митинг?
Бугун эрталаб минглаб мухолифат тарафдорлари мухолифат партияларидан бирининг Бишкек марказидаги қароргоҳи олдида тўпланишди, дейилади хабарларда. Табиий, бу митинг эди. Аммо, ташкилотчилар уни Халқ Қулултойи деб аташмоқда. Балки, Бишкек ҳокимлигининг митинг ўтказиш учун фақат шаҳар чеккасидан жой берувчи қарорини бузмаслик ва милиция ҳужумига учрамаслик учун митингни Халқ Қурултойи деб аташгандир десак, Конституцион Суд аллақачон ҳокимликнинг бу қарорини бекор қилиб бўлган.

Бунинг устига бу митинг ҳақиқатда қурултой каби иш қилабошлади. Митинг қатнашчилари Халқ Қурултойининг доимий ишлайдиган Марказий Ижроия Қўмитасини туздилар. Ёки сайладиларми? Маълум эмас. Қўмита раислиги Қирғизистон Республикаси Социал-Демократик Партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари Роза Отамбоевага топширилди. Топширилдими ёки у сайландими? Маълум эмас.

Бу қурултой-митингнинг қандай ваколатлари бор ўзи? Маълум эмас. Демак, митингчилар фақат ўз номларидан гапира оладилар. Ундан бошқа ваколатлари йўқ-ку!

Қурултой-митинг резолюция ҳам қабул қилди. Резолюцияда бир қатор иқтисодий талаблар билан бир қаторда, қамоқдаги мухолифат вакилларини озод қилиш, сўз эркинлиги ҳам талаб қилинади.

“Халқ бу талабларнинг тўла бажарилишини шу йил 24 мартгача кутади. Талаблар бажарилмаса, Қирғизистон халқи ҳамма минтақаларда қурултойлар ўтказиш учун ҳаққи бор”, дейилади резолюциянинг охирида. Эслатиб ўтиш керак, 24 март - 5 йил аввал Асқар Ақаев йиқитилган кун.

Хуллас, Бишкекда бугун эрталаб бошланиб, соат 15 да тамом бўлган тадбирнинг анчагина ножиддийлиги кўриниб турибди. Балки, бу – қирғиз демократик мухолифатининг ножиддийлигини кўрсатувчи воқеадир?

Ҳукуматдан кўра кўпроқ мухолифат тарфдори бўлган АКИпресс агентлигининнг сайтидаги бу хабарга қўйилган расм ҳам саволлар туғдиради. Митингда минглаб одам қатнашгани айтилади, масалан, ташкилотчилар 5 минг ҳақида гапирмоқдалар. Аммо, расмда тахминан 100 кишини кўриш мумкин. Мақсад Халқ Қурултойининг кучини кўрсатиш бўлса, йиғилганларнинг умумий расмини бериш керакмасмиди?

Хуллас, Бишкекдаги мухолифат тадбирига оид саволлар кўп, аммо ҳали жавоб йўқ.