08 March 2010
01:33 - Зиндондаги шоир, курашдаги ҳуқуқ ҳимоячиси Дилмурод Саййид

Мени қўлламоққа ожиз бу қуллар,
Сўқирдир нигоҳлар – мени кўролмас.
Сўқмоққа айланмиш мен билган йўллар,
Адолатнинг кесик пойи – юролмас!

* * *

Тириклай ўлдирди ёлғончи очун,
Тириклай сўйдилар маккор ошналар.
Тириклай кафанлаб кўмдилар у кун,
Тирикнинг қонига ўчлар – ташналар.

Зорларим кутдилар, менда зор йўқдир,
Менда исён яшар, яшар интиқом.
Кўзларим бепарво, юрагим чўғдир.
Вужудим жизғанак – оташ батамом!

Нигоҳимдан ўкинч тилади ғаним,
Қаддимни эгмоққа жон чекди қози.
Дунёда яшаб мен ёлғиз топганим –
Шу ғурур ва бир сўз – Ҳақнинг эъзози!

Тириклай сўйдилар, тирик кафанлаб,
Тириклай кўмдилар дўст ҳам, ғаним ҳам.
Манқуртлар – ҳассакаш, турар “Ватан!”лаб,
Тириклай кўмилди... оғриқларим ҳам!..

* * *

Дўстнинг қўлларида ханжар ўйнади,
Занглаган темирдан ясалган тиғи.
Мен ҳеч ўлмадим, ғаним қўймади,
На кулиб боқмадим, келмади йиғи!

Дўстнинг кўзларида қўрқув яширин,
Тиззасида айби қалтираб кетди.
Ханжарнинг занг босган нафаси у кун
Ғурурнинг қони-ла ялтираб кетди.

* * *

Қизчамни қучоқлаб узоқ йиғладим,
Онамнинг бағрига бош қўйиб тиндим.
Ҳақ излаб кўчага, уйга сиғмадим,
Зиндон бу маконда Ҳақни соғиндим!


Расмда – Дилмурод Саййиднинг онаси ва шоир қамоқдалигида автоҳалокатда нобуд бўлган турмуш ўртоғи билан қизи