07 March 2010
16:02 - Бугун Ироқда парламент сайловлари, террорист ҳужумлари ҳам давом этмоқда
АҚШ ва НАТО террорга қарши урушда уруғуни Афғонистонга ўтказар экан, Ироқда нима бўлишини ҳамма қизиқиш билан кутиб турибди. Агар, ҳозир Ироқда ҳокимиятда бўлган Бош вазир Нури ал-Малики раҳбарлигидаги кучлар бугунги сайловни ютса, америкаликлар ростдан ҳам Афғонистон билан жиддий шуғулланишни давом эттирадилар, акс ҳолда, урғу Ироққа қайтарилиши ҳам мумкин.

Мамлакат парламентидаги 325 ўринга 86 та турли сиёсий фракциялар 6200 номзод кўрсатишган. Бугун кечқурун биринчи натажалар маълум бўлади, вазият ойдинлашади.

Аммо, сайловларда расман иштирок этмаётган Ал-Қоиданинг роли катта бўлиши шубҳасиз. У ўз ишини аллақачон бошлаган. Иш бугун ҳам кун бўйи давом этиши кутилмоқда.

Эрталабданоқ Боғдодда бир ўлимчи-террорист ўзини портлатиши натижасида 16 киши ҳалок бўлди, ярадорлар сони ҳам кўп, дейилади Reuters агентлигининг хабарида. Сўнги кунларда бу каби портлашларда 50 киши ўлган.

Аммо, начора, кураш қурбонсиз бўлмайди. Бугун бу мамлакатда 96 минг кишилик АҚШнинг ҳарбий қўшини бор. У Ироқ демократиясини ҳимоя қилолармикан?