05 March 2010
17:27 - Миршаблар томонидан зўрланган Райҳон Соатованинг тергови битди, ДНК анализи хулосалари чиқди
Оммавий ахборот воситаларининг етакчи мавзуига айланган опа-сингил Соатовалар иши, хусусан, Райҳон Соатованинг миршаблар томонидан тергов даврида зўрланиши юзасидан Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ИИБ ходимларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши тергови битди. Ҳозирда тергов материаллари ва айблов хулосаси Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан чақириб олинган.

Дастлабки тергов ҳаракатларини олиб борган Мирзо Улуғбек тумани ИИБ терговчиси Азиз Рустамбоевга кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 118-моддаси (Номусга тегиш) билан олиб борилган жиноят иши бўйича олинган ДНК анализлари хулосаси тайёр бўлган, аммо у тергов сири бўлгани боис ошкор қилинмаётир. Айбдорлар муқаррар жазога тортилади.

Маълумки, “Эзгулик” жамияти томонидан кўтарилган бу масала бўйича, Ўзбекистон Бош прокуратурасининг собиқ мулозими, Андижон қатлиомидаги хизматлари учун сенаторлик рутбаси билан сийланган Светлана Ортиқова Соатовларга нисбатан зўрлаш тугул ҳеч қандай қўпол муомала ҳам бўлмаганини қайта-қайта айтиб келганди. “Эзгулик”нинг ўткир чиқиш ва талабларидан сўнг зўрлаш факти ошкор бўлди, жиноят иши қўзғатилди. Қизиқ, сенатор Светлана Ортиқова энди қандай ашула айтади?

Эслатиб ўтамиз, опа-сингил Наргиза-Райҳон-Хосият Соатовалар ўтган йилнинг августида босқинчиликда айбланиб, узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм этилган. Дастлабки тергов ва суриштирувлар даврида Наргиза калтакланишдан жароҳат олган, Райҳон зўрланган, Хосият эса қийноқлардан сўнг руҳий хасталиклар шифохонасида даволаниб чиққанди.

Уч опа-сингилнинг ўтган йилги расми оила фотоальбомидан олинди. Чапдан ўнгга - Хосият (қўрққанидан тили соқов бўлиб қолган ва психиатрик касалхонага тушган, туғилган йили 1989), Наргиза (1976, расмдаги қизчалар унинг фарзандлари) ва Райҳон (1983).