05 March 2010
14:30 - Туркларни арманиларга қарши қатлиомда айблайдиган резолюция лойиҳаси АҚШ Конгрессининг қўмитасидан ўтди
Кеча АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси – Вакиллар Палатасининг Ташқи ишлар қўмитасида “Армани қатлиоми” номли резолюция муҳокама қилинди ва бир овоз кўпчлигида қабул қилинди. 23 конгрессмен резолюция учун “ҳа”, 22 конгрессмен “йўқ” деди.

Энди резолюция Вакиллар Палатасида, у ердан ҳам ўтса, Сенатда кўрилиши мумкин. Мумкин дейилишининг сабаби шундаки, қўмитада овозларнинг оз фарқи билан ўтган масалани умумий мажлисга қўйиш-қўймаслик Вакиллар Палатасининг раиси Ненси Пелозининг қўлида бўлар экан.

Резолюция лойиҳасида айтилишича, 1915-23 йиллари Туркияда яшаган 2 миллион армани ўзи яшаётган жойлардан ҳайдалган, улардан 1,5 миллиони ўлдирилган ва 2500 йилдан бери шу ерларда яшаган арманилар йўқ қилинган, 1915 йилда Англия, Франция ва Россия бу воқеаларни қораловчи баёнот эълон қилишган, Биринчи Жаҳон Урушидан кейин Туркия ҳукуматининг ўзи ҳам қатлиом уюштиганларни қоралаган ва Ҳарбия, Ички ишлар ва Денгиз кучлари вазирларини ўлимга маҳкум қилган, аммо ҳукм ижро этилмаган. Бундан ташқари қатлиомни исбот қилувчи жуда кўп архив материаллари бор.

Ҳозирги Туркия қатлиом бўлганини тан олмайди, Усмонли Императлигининг армияси Атланта мамлакатлари билан уруш олиб бораётганда, вақтдан фойдаланган арманилар ҳукуматга қарши чиққани, армия ўзини ҳимоя қилиш учун куч ишлатишга мажбур бўлгани айтилади.

Бу хусусдаги резолюция лойиҳаси Конгресснинг қўмитасидан биринчи марта ўтиши эмас. Турк матбуотида ёзилишича, 2007 йилда ҳам лойиҳа шу қўмитадан ўтган, аммо унга имзо отганларнинг бир қисми имзосини қайтариб олгач, лойиҳа умумий мажлисга қўйилмаган.

Ғарб мамлакатларида кучли мавқега эга бўлган армани диаспораси узоқ йиллардан бери Армани қатлиомини расман тан олдириш учун кураш олиб боради. Резолюция лойиҳасининг кеча Конгресс қўмитасидан ўтиши ҳам ўша диаспоранинг ишидир.

Турк диаспораси чет элларда яхши уюшмаган, лоббичилик олиб борадиган кучли ташкилотлари йўқ. Шу сабабли, халқаро саҳнада Туркия арманиларга доимо ютқазиб келмоқда.

Кеча эрталаб Туркия президенти Абдуллоҳ Гул америкалик ҳамкасби Обама билан телефон орқали гаплашганди. Расмий хабарда ҳеч нарса айтилмаса ҳам, ҳамма тушунардики, Туркия бу лойиҳани ўтказтирмаслик учун ҳаракат қилган. Бир неча соатдан кейин, Давлат Котиби Ҳиллари Клинион Вакиллар Палатаси ташқи ишлар қўмитасидан бу лойиҳани ўтказмасликни сўраб, мурожаат ҳам қилди. Аммо, қўмитадаги конрессменларнинг кўпчилиги унинг ва президентнинг чақириғига қулоқ солишмади.

Туркия ўзининг АҚШдаги элчисини маслаҳатлашиш учун Анқарага чақириб олди. Арманистон ташқи ишлар вазири эса лойиҳанинг қўмитадан ўтишини олқишлади.

Эслатиб ўтиш лозим, Европаниннг бир қатор давлатлари, масалан, Германия, Италия ва Франция Армани қатлиомини қабул қилишган. Бельгия, Франция ва Швейцария каби давлатларда қатлиомни инкор этиш жиноят ҳисобланади.

Хуллас, Турк ва арманилар орасидаги таранглик яқин орада битмайдиган кўринади.