26 February 2010
05:42 - Туркияда 3 кун аввал қамалаганлардан икки собиқ қўмондон озод қилинди
Уч кун аввал бир қатор юқори унвонли собиқ ҳарбийларнинг Туркияда ҳибсга олиниши исломчиларнинг дунёвий давлатчилик тарфдорларига босими сифатида қабул қилингани, юзага келган тарангликни юмшатиш мақсадида Президент, Бош вазир ва Қуролли кучлар Бош штабининг бошлиғи учрашув ўтказганини билдиргандик.

Ҳозиргина маълум бўлишича, яъни Туркияда ярим кечага яқин соатларда, Пиёда қўшинлари ва Ҳаво қўшинлари собиқ қўмондонлари Ўзден Ўрнак ва Иброҳим Фиртина озод қилинган.

Бу воқеа Президент қароргоҳида эрталаб ўтказилган учлик учрашувининг натижаси бўлса, уни исломчиларнинг чекиниши сифатида қабул қилиш мумкин. Аммо, масаланинг иккинчи тарафи бор. Қўмондонларнинг озод қилиниши ҳуқуқий процедуралар эмас, исломчиларнинг чекиниш натижаси бўлса, Туркияда адолат ва ҳуқуқ нормаларининг ишлашига шубҳа туғилади. Бу яна ҳам ваҳималик ҳолдир.