18 February 2010
21:36 - Ҳибсдаги журналист Хайрулла Ҳамидов ва сафдошларининг иши бўйича тергов тамом бўлди
Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг раҳбари Суръат Икромов махсус пресс-релиз тарқатиб, таниқли журналист ва спорт шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов устидан Тошкент ИИБ Тергов бошқармасида олиб борилган тергов ишлари тугатилганини билдирди. Аввал хабар берганимиздек, Хайрулла Ҳамидов шу йил 21 январда Чилонзор ИИБ ходимлари тарафидан ҳибсга олинганди.

Ишончли манбадан олинган маълумотларга кўра, бу иш бўйича Тошкент шаҳри ва вилояти ҳамда Сирдарё вилоятларида истиқомат қиладиган 22 киши айбдор сифатида ўтмоқда. Олдин уларга Ўзбекистон ЖКсининг 216 моддаси (Фаолияти таъқиқланган жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотлар тузиш) билан айб қўйилган. Аммо тергов давомида у айбнома ўрнига 244-1 модда билан жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига хавф соладиган материаллар тайёрлаш ва тарқатиш айби қўйилган. Бу айбнома билан 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиш мумкин.

Ҳозир 22 айбдор машҳур Тоштурмада сақлаб турилибди. Яқинда иш Тошкент вилоят судига топширилар экан.