15 February 2010
02:32 - Ўзбекистонга... экстремизм таҳдиди мавжудми? ("Эзгулик" жамиятининг пресс-релизи №4, 14.02.2010 йил)
Хорижий ва мустақил оммавий ахборот воситаларида , шунингдек ҳуқуқ ҳимоячиларининг тарқатилаётган хабарларда айтилишича, Сирдарё вилоятида “Жиҳодчилар”, “Биродарлар” диний радикал оқимига мансубликда айбланаётган 67 нафар диндорлар устидан маҳкама жараёнлари бошланган. Суд биноси ўнлаб аскарлар, қуролланган соқчилар билан қуршаб олинган. Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани судида 24 нафар диндорнинг иши кўрилмоқда. Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридан 80 дан зиёд мусулмонларнинг ҳибсга олингани хабар қилиняпти. “Нурчилар” ови ҳануз битгани йўқ.

Пойтахтнинг турли туманларидаги судларда эса ўтган йилнинг августида ўлдириб кетилган Ўзбекистон Ички ишлари вазирлиги мулозими Ҳасан Асадов, “Кўкалдош” мадрасаси директори ўринбосари Аброр Аброров ҳамда бахтли тасодиф туфайли суиқасддан омон қолган Анвар қори Турсунов иши кўрилмоқда. Журналист ва спорт шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидовнинг “Салафийлар”ми, “Тараққийлар”ми номли оқимларни ташкил этгани учун маҳкамага тортилгани айтилмоқда.

Демак, тергов, суриштирув органларига кўра, Ўзбекистон Республикаси, яъни мамлакатимиз конституциявий тузумига тажовуз қилганлик, жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар тарқатишда айбланаётган юзлаб шахсларнинг қилмишни асословчи фактлар мавжуд. Ҳатто уларда заррача ҳақиқат бўлганида ҳам, шубҳасиз, миллий хавфсизлигимиз, осойишталигимизга таҳдид мавжуд. Лекин нега айни вазиятда мавжуд вазиятдан жамоатчиликни бохабар этишга бурчли Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари, расмий агентликлар, радио-телевидение жим. Ҳукуматдан садо чиқмайди, маҳаллий нашрларнинг оғзига қулф урилган, телевидение ва радио кўнгилочар дастурлардан нарига ўтмайди.

Афсуски, мазкур жараён, яъни хуфя терговлар, ёпиқ маҳкамалар яқин ўтмишдаги 1999 йил февраль воқеаларидан сўнгги тўлқин, 2004 йилги портлаш ҳодисалари, Андижон воқеаларидан кейинги кенг кўламли ҳибслар, қама-қамалар ҳолатини эсга солади. Мазкур ҳодисалардан сўнг маҳаллий ва халқаро миқёсда юзага келган мубҳам, зиддиятли вазиятларни ёдга туширади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, ҳукумат, мамлакат Парламентининг матбуот ва ахборот қўмитаси, Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳамда Ўзбекистон телерадиокомпаниясини Ўзбекистон Репсубликаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг Миллий Хавфсизлик Концепциясига мувофиқ, жамоатчиликни вазиятнинг ҳақиқий ҳолати билан таништиришга чақиради. Бу борада туркум кўрсатувлар, айбланувчилар, судланувчиларнинг қилмиши борасида дастлабки тахминларни эълон қилиш, расмий шарҳ, хабар, маълумотлар беришга ундайди.