12 February 2010
04:37 - Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарага янги тўсиқ қўйди
“Озодлик” радиосининг хабар беришича, ўзбек чегарачилари Қирғизистон фуқароларини Ўзбекистон ҳудудига уч ойда бир марта ўтказиш тартибини жорий қилишди.

Қирғизистон чегара хизмати матбуот хизматининг ходими Салқин Абдиқариева бу маълумотни тасдиқлади. Унинг айтишича, қирғиз чегарачиларининг ўзи ҳам бу янгиликни фуқаролардан тушаётган ариза хатларидан билишган.

- Ҳа, Ўзбекистон томонидан шундай нарса бор. Бироқ Ўзбекистон томони бир фуқаро уч ойда бир мартагина Ўзбекистон ҳудудига ўта олиши мумкинлиги тўғрисида бизни расман огоҳлантирмади, акс ҳолда, биз бу тўғрида чегарадан ўтувчи фуқароларимизга албатта хабар қилган бўлар эдик. Чегара назорати бошқармаси бошлиғининг ўринбосари бир киши чегарадан уч ойда фақат бир мартагина ўта олиши мумкинлиги тўғрисида фуқароларимиздан келган ариза хатларидан билганини айтаяпти. Ваҳоланки, биз ҳар икки ойда улар билан учрашамиз, чегара вакиллари учрашуви бўлиб ўтади ва ўшанда биз доимо визасиз борди-келди режими тўғрисида гаплашамиз, деди Салқин Абдиқариева.

Радио ходимларининг бу хусусда Ўзбекистон Республика чегара хизматидан батафсил маълумот олишга қилган ҳаракатлари самара бермабди.