26 January 2010
06:48 - Журналист Хайрулла Ҳамидов қамоққа олинди
Бундан бир неча кун аввал ҳибсга олинган журналист Хайрулла Ҳамидовга қарши кеча Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 216-моддаси (Фаолияти таъқиқланган жамоат бирлашмалари тузиш) билан расман жиноят иши қўзғатилди ва у жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди маҳкамасининг ажрими билан қамоққа олинди. Хайрулла салафийлар диний радикал оқимига аъзолик, уни мамлакатда тарғиб қилиш ва оқимни тиклашга қаратилган ҳаракатларда айбланмоқда.

Таниқи журналист ва спорт шарҳловчисининг ҳибсга олиниши маҳаллий журналистлар орасида ҳам бевосита бесаранжомликни юзага келтирди. Ўзаро суҳбатлар, пичир-пичирлар мавзуи шу кунда Хайрулланинг ҳибсга олинишига қаратилган. Бир қанча халқаро ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг талабларига қарамай ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Ҳамидовнинг ҳибсга олиниши борасида изоҳ бермаяпти.