25 January 2010
13:10 - Исроил Ғарбий соҳилдаги ерлар Фаластинга ҳеч қачон берилмаслигини айтганда, араблар нимагадир ғазабланишибди
Associated Press агентлигининг хабарида айтилишича, Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху Иордан дарёсининг ғарбида жойлашган ва Ғарбий соҳил деб ном олган тарихий ҳудуднининг ҳозир яҳудийлар яшаётган қисми ҳеч қачон Фаластинга берилмаслигини айтган. Натаняху бу ҳақда Тинчлик музокараларидаги АҚШнинг вакили Митчел билан кўришгандан кейин баёнот берибди ва бу баёнот фаластинликлар ичида ғазаб уйғотибди.

Бу хабарда одамни ҳайрон қолдирадиган нарса Натаняхунинг баёноти эмас, фаластинликларнинг ғазаби. Наҳотки улар шу пайтгача Тинчлик музокаралари натижасида Исроил Фаластинга бу ерларни қайтариб беради деб ўйлаб юришарди? Улар қайтариб берилмаслиги аввалдан ҳам маълум эдику.

Эслатиб ўтамиз, БМТнинг 1948 йидаги Исроил ва Фаластин давлатлари қуриш хусусидаги қарорига кўра, Ғарбий соҳил Исроил билан баробар қурилиши керак бўлган Фаластин давлатига ўтиши керак эди. Аммо, араб давлатларининг, биринчи навбатда, Иорданиянинг интригалари (қўпорувчилик сифатидаги ишлари) натижасида Фаластин давлати қурилмади. Агар у ўша пайтда қурилса эди, Араб ва Ислом дунёсидаги бугунги муаммоларнинг кўпчилиги бўлмас эди.