23 January 2010
04:18 - Юшченко украинларни президент сайловининг иккинчи турига қатнашишга чақирди
Аслида, бундай чақириқ Украина президенти Виктор Юшченконинг ўзидан эмас, унинг раҳбарлигидаги “Бизнинг Украина” партияси номидан эълон қилинди. Аммо, шубҳа йўқки, бу Юшченконинг чақириғидир.

Чақириқда сайловчиларга кимга овоз бериш хусусида аниқ тавсия йўқ. Кимга овоз беришни ҳар бир сайловчи ўзи ҳал қилиши кераклиги айтилади.

Аммо, чақириқнинг матнидан кўриб турибдики, иккала номзод ҳам президент бўлишга лойиқ эмас. Чақириқда шундай дейилади: “Украина жамияти қийин танлов олдида турибди. Давлатнинг мустақиллиги, Европага интеграция бўлиш имконияти, миллий тикланиш ғоялари, сўнгги йилларнинг демократик ютуқлари хавф остида. Ваҳоланки, айнан шу факторлар жамиятга фаровонлик ва тотувлик келтириши мумкин эди. Шу қадриятларни қабул қиладиган Украина фуқаролари учун иккинчи турда танлайдиган ҳеч нарса йўқ.”

Шундай экан, нима учун “Бизнинг Украина” ўз тарафдорларини иккинчи тур сайловида иштирок этишга чақирмоқда? Мантиққа кўра, ҳаммани сайловни бойкот қилишга ёки сайловга бориб, иккала номзодга қарши овоз беришга чақириш керак эди.

Тахмин қилиш мумкинки, Юшченконинг партияси сайлов кунига яқинроқ ўз тарафдорларини маълум бир номзодга овоз беришга чақирса керак. Бугунги баёнот эса, ҳозирча ҳаммани хушёр бўлишга, сайловни унутмасликка чақиришдир.