19 January 2010
03:44 - Украинадаги президент сайловининг биринчи тур натижалари аниқ бўлди ҳисоб
Марказий Сайлов Комиссиясининг (МСК) расмий сайтида сайлов бюллетенларини санаш жараёни дақиқама-дақиқа кўрсатиб борилмоқда, дейилади маҳаллий ахборот воситаларининг хабарида.

Бир соатча аввал бюллетенларнинг 99 фоизи саналгани ва шундан кейин МСК эртагача ўз ишида танаффус эълон қилгани билдирилган. Ниҳоий деб ҳисобласа бўладиган натижалар қуйидагича:

Виктор Янукевич 35,39% овоз олган
Юлия Тимошенко - 25,01%
Сергей Тигипко – 13,01%
Арсений Яценюк – 6,96%
Виктор Юшченко – 5,48%

Бошқа номзодлар 5 фоиздан ҳам кам овоз олишган. Ҳаммага қарши бўлганлар 2,2%. Хуллас, бугундан эътиборан иккинчи тур сайловолди кампанияси бошланди дейиш мумкин.

Биринчи турнинг асосий хулосаси эса шундай. Юлия Тимошенко, Арсений Яценюк ва Виктор Юшченко зарғалдоқ инқилоби давридаги сафдошлар эканлигини ҳисобга олиб айтиш мумкинки, демократлар ягона номзод билан сайловга кирсалар эди, у номзод биринчи турда биринчи ўринни олган бўларди. Психологик фактор ҳисобига, балки, биринчи турдаёқ ғалаба қозонарди.

Сайловолди кампанияси давомида ўзларини бир бирларига нисбатан рақиб ҳам эмас, душмандек тутган Юлия Тимошенко, Арсений Яценюк ва Виктор Юшченколар иккинчи тур сайлови олдидан бирлашишларига ишониш қийин.