13 January 2010
15:18 - Туркия ва Исроил муносабатларида янги кризис
Туркияда шу кунларда олинган қандайдир киносериалда исроилликларга тегиб кетадиган сўзлар бор экан. Исроил ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Дэнни Айлон бу масала бўйича Туркиянинг элчиси Ўғиз Челикқўлни ҳузурига чақиртирибди ва ўша киносериал ҳақида тушунтириш талаб қилибди. Дипломатияда бўлиб турадиган оддий бир воқеа.

Лекин, исроилликлар Туркия элчисини ташқи ишлар вазирлигига эмас, доим журналистлар говжум бўладиган Исроил парламенти – Кнессетга чақиришибди. Исроилликлар баланд курсиларда ўтириб, Туркия элчисини паст ўриндиққа ўтқазишибди. Дэнни Айлон ҳали ўзи ва меҳмон ўтирмасдан олдин журналистларга яҳудийлар тилида “Биз баланд, у паст курсида ўтиришига, столда фақат Исроил байроғи борлигига, бизнинг кулимсирашимизга эътибор беринг” дебди.

Журналистлар расмга олиш учун Айлон билан Челикқўлнинг қўл бериб кўришишини сўрашса, Айлон буни ҳам рад этибди. Дэнни Айлон журналистларгами ёки Туркия элчисигами шундай дегани ҳам оммавий ахборои воситаларига тушган: “Кимлардир Исроилга маслаҳат бермоқчи бўлса, Туркия навбатдагиларнинг охиргиси бўлади”.

Хуллас, оддий воқеа жанжалга айланди. Исроилнинг Анқарадаги элчиси Туркия ташқи ишларига чақирилди ва вазир ёрдамчисининг қилиқлари учун кечирим сўраш талаб қилинди. Туркия ўзининг Тел-Авивдаги элчисини чақириб ҳам олди.

Бу воқеа нима билан битиш ҳали номаълум. Аммо, сўнги даврда исроилликларнинг нервлари ўйнаб қолгани бошқа мисолларда ҳам намойиш бўлмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бир йил аввал Давосда ўтаётган йиллик халқаро иқтисодий анжуман доирасидги бир учрашувда Исроил ва Туркия бош вазирлари уришиб қолишган, Туркия бош вазири Ражаб Эрдўғон исроиллик ҳамкасби билан хайрлашмасдан учрашувни тарк этган эди.